Жамият | 23:02 / 26.04.2022
25035
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙПХ ходимининг погони, кўкрак нишони ва бодикамерасини юлиб олган шахслар қамоққа олинди

Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган фуқаролар аниқланиб, уларга нисбатан 219-модда 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Улар қамоққа олинган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида бир гуруҳ одамлар ЙПХ машинасини қуршаб олгани ва унинг ичида ўтирган ходимларни куч ишлатиб машинадан тортиб туширгани айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 2022 йил 26 апрел куни соат тахминан 17:00 ларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан туман марказидаги “Озиқ-овқат деҳқон” МЧЖ бозори атрофида жамоат тартибини сақлаш ҳамда машиналар тирбандлигининг олдини олиш мақсадида патруль махсус автомашинасинг овоз кучайтиргич мосламаси билан хизмат олиб борилган.

Шу жараёнда бир неча киши хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган. Улардан бири патруль автомашинасининг олд ўриндиғида бўлган ЙПХ катта инспектори Б.Каримовнинг погони, боди камераси ва кўкрак нишонини юлиб олган. Шундан сўнг, ходимлар томонидан қўшимча кучлар чақиртирилиб, жамоат тартиби тикланган.

Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган фуқаролар Ш.Б., Н.Б., Н.Д. ва Қ.А. нинг шахси аниқланиб, ҳозирда уларга нисбатан Чироқчи туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчиларнинг уч нафари жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятида ЙПХ ходимини дўппослаган қоидабузар ҳайдовчи қамоққа олинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид