Жамият | 19:48 / 29.04.2022
81627
3 дақиқада ўқилади

Асака туманида номаълум махлуқ юздан ортиқ қўйни бўғизлаб кетди. Одамларга ҳам ҳужум қилган

Асака туманидаги Намуна-Бўстон, Элаш Қипчоқ, Дўрмон ва бошқа маҳаллалардаги хонадонларда икки ойдан бери тинчлик йўқ. Ярим тунда номаълум ҳайвон томонидан қўйлар, ўрдаклар, қуёнлар бўғизлаб кетилмоқда. Бир неча маротаба одамларга ҳам ташланган.

Ярим кечаси овга чиқаётган бу махлуқ халқ орасида яхшигина саросимага сабаб бўлган. Айримлар кечалари ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолишган.

Ушбу махлуқ хонадонлардаги уй ҳайвонларини бўғизлаб, чиқиб кетмоқда. Бу бўри, чиябўри ёки қутурган ит эканлиги ҳам маълум эмас. Аҳоли орасида эса турли миш-мишлар оралашда давом этмоқда.

“Даладан қайтаётган тўрт нафар аёлга ҳам ҳужум қилган. Бақирганларини эшитиб яқин орадаги одамлар етиб келишган. Овози жуда ҳам ғалати. Жуда ҳам хунук нарса. Тумшуқлари узун. Ё бўри ёки ит эмас” – дейди “Намуна-Бўстон” МФЙ фаоли Тилаволди Болтабоев.

Бу махлуқ кирган хонадонларидаги қўйларни фақат бўғизлаб чиқиб кетган, холос. Фақат бир хонадондан бир дона қўй йўқолган.

“Тунги соат 3 ларда қўйларимизни еб кетган. Бу махлуқнинг нима эканлигини билмаймиз. 7 та қўйим бор эди. 6 тасини бўғизлаб кетган. Биттасини ўзи билан олиб чиқиб кетган. Эртаси куни эса қуёнларимизни ҳам бўғизлаб кетган”, – дейди Дилбархон Ҳусанова.

Бундан ташқари одамларга далада ва баъзан кўриниб қолганда уйларида ҳам хужум қилган. Уни кўрганлар бўри ёки ит эмаслигини таъкидлашмоқда.

“Ифторликка кўкат териб олай деб чиқсам, бир нарса ховли томондан югуриб келди. Қанақа қилиб қочиб кириб кетганимни билмайман. Шундан бери ташқарига ҳам чиққани қўрқяпмиз”, – дея таъкидлади Ҳанифахон Эшонова.

Ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолган маҳалла аҳли, қўйхоналари атрофини панжара билан ўраш билан бирга айримлар хонадонлар деворларига тиканли сим тортишга ҳам мажбур бўлишмоқда.

Бундай воқеа олдинлари бўлмаганлиги ва сўнгги икки ойда 20 дан ортиқ хонадондаги 100 га яқин қўйларни бўғизлаб кетилганлиги айтилди.

Айрим хонадонларга бир неча маротаба кирган махлуқ қўй, қуён ва ўрдакларни ҳам бўғизлаб кетган.

Қилинган мурожаатлар самарасиз бўлиб, ажратилган овчи томонидан ҳам қилинган ҳаракатлар зое кетган.

Ўйлаймизки мутасаддилар ушбу масалага жиддий ёндашишади. Бу махлуқ бирорта одамни нобуд қилмасдан туриб ушланади. Аҳоли орасидаги саросималар босилади.

Абдували Қурбонов Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид