Жаҳон | 17:08 / 30.04.2022
11660
2 дақиқада ўқилади

Германия Россия гази учун рублда пул тўлашни рад этди

Кристиан Линднернинг сўзларига кўра, ҳозирда Германия Россия энергия ресурсларига қарамликдан қутулиш учун максимал даражада ҳаракат қилмоқда. 

Фото: Janek Sjarzynski/AFP

Германия Россия гази учун рублда пул тўламайди ва келажакда ҳам тўлашни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднер ўз Twitter-аккаунтида маълум қилди

«Мен Путинга мурожаат қилмоқчиман ва аниқ айтмоқчиман: бизни шантаж қилишларига йўл қўймаймиз! Бундан кейин ҳам Россия гази учун рублда пул тўламаймиз», — деб ёзди у.

Линднернинг қўшимча қилишича, ҳозирда Германия Россия энергия ресурсларига қарамликдан қутулиш учун максимал даражада ҳаракат қилмоқда.

31 март куни Россия президенти Владимир Путин “нодўст давлатлар”га табиий газ фақат рублда сотилиши кўзда тутилган фармонни имзолаганди.

Фармонда айтилишича, Россиядан газ сотиб олишни истаган Ғарб давлатлари Россия банкларида ҳисобрақами очиши керак.

Россия 26 апрел куни Полшага, 27 апрел куни эса Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатди. Бу мамлакатлар газ учун тўловни рублда амалга оширишни рад этганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид