Ўзбекистон | 20:34 / 03.05.2022
29489
3 дақиқада ўқилади

Сергелини шаҳар маркази билан боғловчи янги йўл очилди

Тошкентнинг Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасини Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан боғловчи 6 тасмали 6,5 км узунликдаги йўл қуриб битказилди. Лойиҳа доирасида 6та кўприк ҳам қурилди. Президент янги транспорт иншоотларини бориб кўрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўлади.

Янги Сергели кўчасига муқобил янги йўлни қуриш 2020 йил августда бошланган эди. Йўл, президент матбуот хизматининг маълум қилишича, соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига катта қулайлик яратиши айтилмоқда.

“Кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари оқилона лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши мумкин”, – дейилади хабарда.

Расмий релизда қайд этишича, янги йўл очилиши натижасида ҳавога зарарли газ чиқиши 3 баробарга камаяди. Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган.

Шу ерда Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари қуриш ва шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти ўтказилди. Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланди.

Шавкат Мирзиёев йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

“Ҳамма жойда йўл қуриб ёки кенгайтириб бўлмайди. Кўп нарса қатновни тўғри ташкил этишга ҳам боғлиқ. Энди йўлларнинг, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш керак”, – деди президент.

Давлат раҳбари шу ерда тошкентлик нуронийлар, жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашди.

“Миллий қадриятимизга кўра, йўл ва кўприк қуриш – савоб. Одамларнинг узоғини яқин қиладиган бу йўл ҳозирги улуғ айём кунларида очилаётгани ҳам қувонарли. Илгари “Сергелида 10 та уй қурса бўладими” деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз”, – деди президент.

Мавзуга оид