Жамият | 16:41 / 06.05.2022
12623
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда зиёлилар, санъат ва маданият усталари аҳоли билан жонли мулоқот ўтказмоқда

Президент ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 200 нафардан ортиқ таниқли санъаткорлар ва кино ижодкорлари иштирокида жорий йилнинг 5 майидан бошлаб Қашқадарё воҳаси бўйлаб турли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари, ижодий кечалар ҳамда жонли мулоқотлар ўтказилмоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Воҳадаги маҳаллаларда ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар ва концерт дастурлари ҳар бир туман (шаҳар)нинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда жойларда, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда ҳам миллий маданиятимиз, санъатимиз ва адабиётимизни оммалаштиришга қаратилган миллий фильмлар намойиши ҳамда маданий-маърифий учрашувлар аҳолига кўтаринки кайфият улашмоқда.

Шундай эзгу ишларни давом эттириш мақсадида 15 майгача давом этадиган “Инсон қадри учун!” шиори остида ўтказилаётган ижодий кечалар орқали 813 та маҳаллаларни қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, режиссёр ва эстрада хонандалари ҳамда актёр-актрисалар халқимизга беминнат хизмат қилишмоқда.

Жумладан, ташрифнинг биринчи кунидаёқ Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Нодир Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар ва вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Юлдошев раҳбарлигидаги масъуллар воҳа марказидаги Қарши санаторийсига ташриф буюриб, у ерда дам олаётган нуроний отахон ва онахонлар билан учрашиб, концерт дастурлари намойиш этишди. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида ижодкорларнинг яна бир гуруҳи Яккабоғ туманидаги "Саховат" интернет уйида бўлишиб, ўз ижодий чиқишлари билан барчанинг кўнглига меҳр-саховат улашган ҳолда дилларга қувонч бағишлашди.

Меҳмонлар нафақат воҳанинг барча маҳаллаларида, балки Қарши шаҳри ва Яккабоғ туманидаги нуронийлар ва меҳрибонлик уйларида, шунингдек, жойлардаги оилавий болалар уйларида ҳам бўлишиб, уларнинг ҳолларидан хабар олиб, дилдан суҳбат қуришди. Турли маданий чиқишлар, эл ардоғидаги кино актёрлари ва халқ артистлари билан мулоқотлар нуронийлар ва ногиронлиги бўлган болажонлар хотирасида мангу қоладиган дастурлар бўлди.

Хусусан, қадимий ва тарихий Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқ сарой” мажмуасида очиқ осмон остида Ўзбекистон халқ артист Ғиёс Бойтоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекжонов ва бошқа бир қатор санъат арбоблари томонидан шаҳар аҳли ҳамда сайёҳлар учун жонли равишда маданий концерт дастурлари ижро этилиб, шаҳардаги 20 сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Кулоллик, Зингирон, Қўшхона ҳамда Хабарлик маҳаллалари аҳолиси билан давом эттирилди.

- Бизнинг халқимиз санъатсевар халқ, мана шу оддий, самимий ҳалол меҳнат қилиб бола-чақасини боқаётган инсонлардир – дейди Александр Бекжонов одамларимиз кайфиятидан илҳомланган ҳолда. – Хонадонларга борганимизда ўзлари ўтирмаган кўрпачада ўтқазишади, сўйилмаган қўйни сўйишади. Бу албатта халқимизнинг меҳмондўстигидан, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатидан ва санъатга ташна эканлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, 5 майдан олис маҳаллаларда ҳам “Авф”, “Аёл қалби”, “Ҳаёт афсунлари”, “Тутқунлик”, “Бир кунлик тўй”, “101”, “Авлоний”, “Илҳақ”, “Матонат” ҳамда “Мерос” каби 15 дан ортиқ миллий фильмлар намойиши бошлаб юборилди ва унда бевосита кино қаҳрамонлари ҳамда таниқли актёр ва актрисаларнинг иштирок этиши халқимиз томонидан қизиқиш билан кутиб олиняпти.

Маданий тадбирлар вилоятда 15 май кунига қадар давом этади

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид