АҚШ Конгресси Украина учун ленд-лиз дастурини қабул қилди, унга кўра, Киев яқин ойларда 20 миллиард долларлик ҳарбий техникаларни қабул қилиб олиши мумкин. Назарий жиҳатдан бундай техникаларни қабул қилиб, ўзлаштириб ва бу орқали жанговар тузилма шакллантирган ҳолда Украина нафақат муваффақиятли қаршиликка, балки Россияни мағлуб этишга ҳам умид қилиши мумкин. Аммо ҳозирча Россия армияси ҳужум қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга: улар ўт очиш кучи борасида яққол устунлик қилади. Аммо вақт (айниқса ленд-лиз туфайли) Россия қўмондонлиги зарарига ўйнаётган бўлса-да, россияликларнинг юриши ҳаддан ташқари секин кечмоқда.

Донбассда сўнгги кунларда нималар бўлди?

Қисқача жавоб

Жанглар сезиларли илгарилашларсиз бир-бирининг объектларини артиллерия зарбалари билан йўқ қилиш йўсинида кечмоқда. Россия армияси разведка ва нишонни белгилаш воситалари бўйича (айниқса учувчисиз тизимларда) устунликка эга эмаслиги ва Украина артиллериясини яксон этолмаслиги кўриниб қолмоқда. Ўз навбатида украинлар армияси ҳозирча ўқ отиш воситалари етарли эмаслиги туфайли россияликлар артиллериясини яксон этолмайди. Аммо икки армия ҳам разведка учун дронларни ишга солган ҳолда рақиб позициялари ва илгарилаётган қисмларига артиллерия орқали аниқ зарбалар йўллаши мумкин.

Батафсил

Март ойи охирида россияликлар Киев атрофидан чекингач, қўмондонлик разведка ва нишонни белгилаш билан боғлиқ муаммоларни қисман ҳал қила олди: Донбассда россиялик ҳарбийлар артиллерия ва авиациядан кенг фойдаланишга асосланган тартибли ҳужумлар олиб боришмоқда.

Изюмдан жанубда Шимолий Дон дарёси бўйидаги плацдармга янги қўшимча кучлар, хусусан аввал Киевдан ғарбдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган десант қисмлари ва пойтахтдан шарқда жанг қилган танк бўлинмалари ташланган. Ушбу йирик гуруҳ таъминоти йўлга қўйилган (мартда Киев остонасида бу борада жиддий камчиликлар кузатилганди).

Киев атрофидаги жанглардан фарқли ўлароқ, россияликлар қўмондонлиги флангларга катта эътибор қаратмоқда: плацдармдан Славянск ва Барвенковога ҳужум қилиш баробарида Шимолий Доннинг иккинчи соҳилида Лиман ва Ямпол йўналишида кучли зарба берилди. Бу ерда украинлар мудофааси ёриб ўтилиб, россиялик ҳарбийлар амалда Славянскдан шарқда Шимолий Дон бўйига чиқишди. Бошқа томондан, Ғарбдаги флангда россиялик ҳарбийлар Барвенково йўналишида илгариламоқда. Бутун ҳужумнинг эҳтимолий мақсади — Славянск ва Краматорскка (бу ҳудудда украинларнинг Донбассдаги йирик гуруҳи штаби жойлашган) уч томондан - ғарб, шимол ва шарқдан чиқиб, жанубга ҳужумни давом эттириш учун бу гуруҳни Украинанинг қолган қисмидан узиб қўйиш.