Жаҳон | 21:11 / 08.05.2022
34264
3 дақиқада ўқилади

Луганск областида мактабга авиазарба берилди. Харобалар остида 60 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда

Луганск областидаги Белогоровка қишлоғидаги мактабга авиазарба берилиши оқибатида, дастлабки маълумотларга кўра, 60 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Фото: STATE EMERGENCY SERVICES

Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг сўзларига кўра, харобалар остидан 30 кишини чиқариб олишга муваффақ бўлинган, қутқарилганларнинг етти нафари яраланган.

«Катта эҳтимол билан, бино харобалари остида қолиб кетган 60 киши ҳалок бўлган», деган област маъмурияти раҳбари.

Мактаб биносига авиабомба тушгани ҳақида Гайдай шанба куни кечқурун хабар қилганди. Унинг сўзларига кўра, мактаб биносига 90 нафар атрофида одам яширинганди - улар қишлоқнинг эвакуация бўлишга улгурмаган аҳолиси эди.

«Мактаб ертўласи улар учун омон қолиш мумкин бўлган ягона жой эди, аммо россияликлар одамлардан бу имконни ҳам тортиб олишди», — дея ёзди Гайдай 7 май куни мактабга зарба берилиши ортидан.

7 май куни Украина давлат фавқулодда хизмати харобалар остидан икки кишининг жасади топилганини тасдиқлаган ва ҳудудни тозалаш ишлари якшанба куни давом эттирилишини маълум қилган.

Белогоровка фронт линиясида — ҳафталар бўйи давом этган жанглардан кейин россияпараст кучлар назоратига ўтган Рубежное шаҳридан тахминан 20 километр ғарбда, Лисичанск ва Северодонецк шаҳарлари яқинида жойлашган. Май ойи бошида ЛХР бу ҳудудда «тўғридан тўғри тўқнашувлар бошлангани» ҳақида маълум қилганди. Белогоровкадан 30 километр ғарбда яқинда россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланган яна бир посёлка — Ямпол жойлашган.

Сўнгги ҳафта давомида Белогоровка қишлоғи ҳам доимий жанглар ҳудудига айланди. Гайдай бу ерни «қайноқ нуқта» деб атаган.

Россия мудофаа вазирлиги Украина ҳукуматининг мактабга бомба келиб тушгани ҳақидаги хабарига муносабат билдирмади.

Россия раҳбарияти бу урушда рўй берган, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган резонансли воқеаларнинг бирортасида жавобгарликни ўз зиммасига олмади, жумладан Мариуполдаги тинч аҳоли вакиллари яширинган Драматик театрга берилган зарба (мустақил манбаларга кўра, бу ерда 600 нафаргача киши ҳалок бўлган) ёки Краматорск вокзали ракета билан ўққа тутилиши билан боғлиқ ҳолатлар — бу ҳужум оқибатида 57 киши ҳалок бўлган.

Уруш бошидан буён Россия раҳбарияти бир неча бор фақат ҳарбий инфратузилма объектларига зарба берилаётганини айтиб келмоқда ва Украина ҳамда Ғарб мамлакатларининг тинч аҳолига ҳужумлар ва ҳарбий жиноятлар содир этилгани бўйича айбловларини инкор этмоқда.

 

Мавзуга оид