Жаҳон | 15:23 / 24.06.2022
28012
3 дақиқада ўқилади

Луганск области раҳбари: Украин ҳарбийларига Северодонецкдан чекинишга буйруқ берилди

«Азот» заводи, 10 июн. Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Украинанинг Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай украин қўшинлари йўқотишлар туфайли Северодонецкдан чиқишига тўғри келишини маълум қилди. Бу ҳақда у «Дом» телеканали эфирида айтган, ундан видеоёзув Гайдайнинг телеграм-каналида жойлаштирилган.

«Бир неча ойдан буён зарба остида бўлган ва тор-мор этилган позицияда шунчаки туришдан маъно йўқ, чунки мустаҳкамланмаган ҳудудларда қурбонлар сони кундан кунга ортиб бораверади», деган Гайдай

У шу сабабдан Северодонецкда турган украин ҳарбийларига «янги позицияларга, янги мустаҳкамланган позицияларга ўтиш» ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш бўйича буйруқ берилганини айтган.

Украина нашрлари чекиниш тафсилотларини маълум қилмоқда: бу жараён тундаёқ бошланган.

«Бугун тунда украин бўлинмалари уюшган ҳолда Северодонецк саноат ҳудудини тарк эта бошлади. Фронтнинг мен бўлиб турган участкасида чекиниш отишмалар остида олиб борилмоқда, аммо қурбонлар йўқ. Кетиш аламли, аммо бу анчадан буён етилиб келган қарор. Украин ҳарбийлари бундай мураккаб шароитларда қилиш мумкин бўлганидан кўпроқ ишни қилишди. Кўприкларсиз ва понтонларсиз урушнинг ҳар куни қаҳрамонликка айланди», дея ёзади журналист Юрий Бутусов.

«Украинская правда»нинг ҳарбий доиралардаги манбалари Миллий гвардия бўлинмалари аллақачон Северодонецкни тарк этишганини хабар қилишган.

Украина қуролли кучлари Бош штаби 24 июн тонгидаги ҳисоботида Северодонецк учун жанглар давом этаётганини маълум қилганди.

Северодонецкда ҳали россиялик ҳарбийлар қўлига ўтмаган ҳудудлардан бири «Азот» кимёвий заводи бўлиб турибди. 23 июн куни кечқурун Гайдай Северодонецк саноат ҳудудидаги кўплаб мудофаа истеҳкомлари вайрон этилгани, шу туфайли украин ҳарбийлари бошқа позицияга ўтишлари мумкинлигини айтганди.

Северодонецк Шимолий Дон дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Дарёнинг иккинчи соҳилида Лисичанск шаҳри бўлиб, бу ер украин ҳарбийлари назоратида қолмоқда. Дарё орқали ўтган кўприклар ҳарбий ҳаракатлар давомида вайрон қилинган. 

Айни вақтда Россия қўшини Лисичанскка ҳам жанубдан ҳужум қилмоқда. Шу туфайли ушбу шаҳар атрофидаги ҳарбийлар ҳам бошқа позицияларга чекиниши мумкин. Бу ҳолда Луганск области деярли бутунлай Россия армияси назоратига ўтади.

Мавзуга оид