Россия армияси Луганск областининг Украина назоратидаги қисмининг маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк шаҳрини штурм қилмоқда. Шаҳар деярли қуршаб олинган, уни мамлакатнинг бошқа қисми билан боғловчи асосий йўл эса доимий равишда ўққа тутилмоқда. BBC айни вақтда украинлар учун фронтнинг энг мураккаб участкасидаги вазият ҳамда Украина қуролли кучлари Северодонецкни ташлаб кетиш эҳтимоли қанчалик юқори эканини кўриб чиқди.

Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Северодонецк Россия артиллерияси ва авиацияси томонидан тинимсиз равишда ўққа тутилаётгани ва бомбаланаётгани ҳақида айтди. «Шаҳар кечаю-кундуз вайрон қилинмоқда. Самолётлардан бомбалар ташлашмоқда... «Град» ва «Смерч», артиллериядан фойдаланишмоқда», деган у.

Хабар қилинишича, россиялик ҳарбийлар Северодонецкни уч томондан штурм қилмоқда ва шаҳар атрофида жанглар бошланиб кетган: Гайдайнинг сўзларига кўра, Россия қўшини шаҳарни миномётлардан ўққа тутиш учун етарли даражада яқин келган.

Област маъмурияти раҳбари шаҳардаги вазият ўта мураккаб экани ва кейинги бир неча кун жуда оғир бўлишини айтган. «Агар [россияликлар] ҳафта охиригача, яъни шанба ва якшанбагача муваффақиятга эриша олмаса, улар тўхтаб тин олишади ва ўшанда вазият биз учун камида барқарорлашади», деб ҳисоблайди Гайдай.

Россия армияси Луганск областида бир неча ҳафта давом этган шиддатли жанглардан кейин Украина мудофаасини ёриб ўтиб, Северодонецкдан 30 километр масофада, тепаликда жойлашган Попасная шаҳрини эгаллагач, атрофдаги ҳудудларга осонлик билан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганди.

Экспертлар ҳисоблашича, ҳозирда РФ армияси Северодонецк ва унга ёндош жойлашган Лисичанскдаги каттагина украин гуруҳини қуршаб олишга интилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун россиялик ҳарбийлар 25 километр масофани босиб ўтиши ва ҳалқани ёпиши талаб этилади.

Аввалроқ Гайдай BBC Украина хизматига Украина қуролли кучлари кенг кўламли ҳужум бошидаёқ атайлаб Северодонецкка чекингани ҳақида айтганди. Бу юзлаб километрларга чўзилган фронт бўйлаб эмас, сўнгги саккиз йил давомида мустаҳкамлаб келинган, Луганск области шимолидаги Рубежное ва жанубдаги Попасная ўртасидаги кичикроқ участкада ҳимояланиш учун қилинган. Аммо Украина бу икки шаҳар устидан назоратни бой бергач, вазият улар учун кескин ёмонлашди.