Ўзбекистон | 13:27 / 09.05.2022
10581
2 дақиқада ўқилади

«Жамиятимиз ўзгараётгани сезилмоқда» – президент ОАВ вакиллари билан мулоқот қилди

9 май куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонида бўлган давлат раҳбари Яшнобод тумани Аҳмад Яссавий маҳалласида ташкил этилган “Уч авлод боғи”га ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудда ташкил этилган инновацион бошқарув компанияси фаолияти билан танишув чоғида Шавкат Мирзиёев журналистлар билан ҳам суҳбатда бўлди:

“Бугунги байрам билан халқимизни, ҳар бирингизни табриклайман. Бугунги иссиқ ҳавода уруш қатнашчиларини овора қилмай, ўзимиз уйларига бориб хабар олганимиз яхши бўлди деб ўйлайман. Нафақат мен, барча раҳбарлар ҳам уруш қатнашчилари, нуронийларимизни зиёрат қилиб келишмоқда. Кўрдингиз, 98 ёшли фахрийимиз Аббос ота билан суҳбатлашдим. Берлингача борган отамизнинг ўзи бир жонли тарих.

Мана, маҳалла билан ҳам, боғ билан танишдингиз. Яна қайтариб айтаман – қилса бўлар экан-ку. Бугун жамиятимиз ўзгармоқда, бу халқимизга сезилмоқда. Лекин унутманг, бу биринчи қадамларимиз. Ҳар бир ҳаракатимиз халқимизни рози қилишга қаратилиши керак. Дунёдаги вазият, йирик давлатлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, инфляция бизга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Ғалла, нефть маҳсулотлари нархи ошяпти. Бу ҳам корхоналаримизга, тадбиркорларимиз фаолиятига жиддий синов бўлади.

Вазият шундай экан, белни маҳкам боғлаб, янада кўпроқ ишлашимизга тўғри келади. Сизлар ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари сифатида бизнинг мақсадларимизни халқимизга етказиб, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшяпсизлар. Мақсадимиз эса аниқ – халқимизни рози қилиш”, – дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид