Ўзбекистон | 12:36 / 11.05.2022
2916
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташаббуси билан «ШҲТнинг маданий ва туристик пойтахти» мақоми жорий этилади

Жорий йилдан Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТнинг маданий ва туристик пойтахти мақомини бериш амалиёти жорий этилмоқда. Биринчи марта бундай мақом Ҳиндистоннинг Варанаси шаҳрига берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, бугун, 11 май куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Халқ дипломатияси форумида маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Норов ШҲТ тамаддунлар ўртасидаги мулоқотни фаол ва изчил ривожлантиришга кўмаклашиши ва турли маданиятга эга халқлар ўртасида кўприклар барпо этишини таъкидлади.

«ШҲТ маконида халқ дипломатиясини ривожлантириш учун мамлакатларимиз ёш авлодининг улкан салоҳиятидан фойдаланиш зарур. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида 800 миллиондан ортиқ ёшлар истиқомат қилади, бу дунё ёшларининг деярли ярми бўлиб, уларга ўз салоҳиятини ривожлантириш учун тўғри йўналиш ва шарт-шароит берилиши зарур.

…Бунинг учун ШҲТда Ёшлар кенгаши, ШҲТ университети, ШҲТ модели, Ишбилармонлик кенгаши, “SOLAR Netvork” ёшлар платформаси ва бошқаларни ўз ичига олган кенг жамоатчилик механизмлари тизими мавжуд.

ШҲТнинг маданий хилма-хиллиги ва бой туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилда ШҲТнинг маданий ва туристик пойтахти мақомини бериш амалиёти жорий этилмоқда. Биринчи марта бундай мақом Ҳиндистоннинг Варанаси шаҳрига берилади», – дея Норовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, ШҲТ халқ дипломатияси концептуал асосларини бойитиш муҳимлиги юзасидан Ўзбекистон раҳбари «ШҲТнинг Эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш ташаббуси билан чиққани маълум қилинди.

«Маданият, санъат ва фан арбобларига ушбу фахрий унвоннинг берилиши Ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини жаҳон миқёсида кенг жамоатчилик орасида намоён этиш, халқаро майдонда ижобий нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади», — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11–12 май кунлари Тошкентда «Халқ дипломатияси – тараққиёт йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик» шиори остида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид