Human Rights Watch: Россия ва Украина кассетали ўқ-дорилардан фойдаланяпти
Украинадаги юзлаб фуқаролар Россиянинг кассетали бомбалари қурбони бўлди, дея хабар бермоқда Human Rights Watch. Ташкилот Украина бундай қуролдан фойдаланган бўлиши мумкинлиги ҳақида камида битта ҳолатдан хабардор.
Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботига кўра, Россия қўшинлари Украинада халқаро конвенция томонидан тақиқланган кассетали ўқ-дорилардан фойдаланмоқда.
Бундай снарядлардан фойдаланиш натижасида Украинада юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди, мактаблар, касалхоналар ва турар жой бинолари зарар кўрди, дея хабар қилди ташкилот вакиллари 12 май, пайшанба куни. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Украина армияси ҳам камида бир марта бундай қуролдан фойдаланган.
Human Rights Watch Россиянинг бир қанча шаҳарларда, жумладан Харков ва Николаевда бундай ўқ-дорилардан фойдаланганини ҳужжатлаштириб олган. Николаевда, маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, 13 март куни Россия кассетали ўқ-дорилари ҳужуми натижасида банкоматга навбатда турган тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Россия жами нечта бундай снаряд отганини тахмин қилиш қийин, бироқ ташкилот томонидан юзлаб бундай ҳолатлар кузатилгани айтилади. Украина томонига кўра, 9 майга қадар 100 мингга яқин мина ва кассетали ўқ-дориларнинг бўлаклари топилган ва зарарсизлантирилган.
Шу билан бирга, HRW ҳисоботига кўра, Украина ҳам камида битта ҳолатда кассетали қуролдан фойдаланган бўлиши мумкин. Хабар қилинишича, бу Харков вилоятининг Россия назоратидаги Гусаровка қишлоғида 6 ёки 7 март куни содир бўлган. «Украина ҳозирги можарода кассетали ўқ-дорилардан фойдалангани ҳақидаги ишончли далилларни инкор этмади», — дейилади ҳисоботда.
Кассетали ўқ-дорилар ҳавода очилиб, кенг майдонга турли хил портловчи қурилмалар ёки кичик калибрли бомбаларни сочадиган контейнерлардан иборат. Иккинчисининг сони бир неча ўндан 600 бирликкача бўлиши мумкин. Кассетали ўқ-дорилар самолётдан ташлаб юборилиши ёки артиллерия ва ракеталар ёрдамида нишонга етказилиши мумкин. Кассетали ўқ-дорилар 2010 йил 1 августдан кучга кирган конвенция билан тақиқланган. Россия ва Украина уни имзоламаган.
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024