Комбинатда техноген чиқиндиларни қайта ишлаш орқали қўшимча маҳсулот олинмоқда
Бугунги кунда саноат корхоналари олдида турган долзарб вазифалардан бири йиллар давомида тўпланиб қолган техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобланади.
Бу йўналишда Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутахассислари томонидан бир неча йиллардан буён самарали ишлар олиб борилиб, янги технологиялар яратилмоқда.
Жумладан, Мис эритиш заводининг Металлургия цехида конвертер тошқолларини майдалаш участкаси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур участканинг фаолиятини йўлга қўйишдан асосий кўзланган мақсад техноген чиқиндилар таркибидаги мис, олтин ва кумушни ажратиб олиш даражасини ошириш орқали қўшимча маҳсулотлар олишдан иборат.
Лойиҳанинг эътиборга молик томони шундаки, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси ортиқча маблағлар сарфисиз амалга оширилди. Мисни бойитиш фабрикасини реконструкция қилиш давомида алмаштирилган майдалагич (дробилка) металлоломга топширилмади, аксинча унга “иккинчи ҳаёт бахш этилди”. Натижада мазкур объектни ишга тушириш учун атиги 395 минг доллар маблағ сарфланди.
Ушбу участкада мис штейнларини конвертерлаш жараёнида ҳосил бўладиган техноген чиқиндилар (тошқоллар), айланма материалларини майдалаш ҳамда клинкер (рух ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқинди) билан хомашё қоришмаси тайёрланиб, Ванюков печида тўғридан-тўғри эритилади.
Комбинат томонидан бирмунча олдин яратилган технология бўйича техноген чиқиндилар 2-Мис бойитиш фабрикасида (оралиқ масофаси 6 км) қайта ишланиб, концентрат сифатида қайтариб олинар эди. Мазкур жараёнларда транспорт, ишчи хизмати, ёнилғи ресурслари, бойитишда фойдаланиладиган кимёвий реагентларга бўлган харажатлари ойига ўртача 587 млн сўм ташкил қилар эди. Ишлаб чиқаришда қўлланилган янги технология йилига 7,04 млрд сўм маблағларни тежаш имконини беради.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки 2-Мис бойитиш фабрикасида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш орқали фойдали металларни олиш кўрсаткичи мис бўйича 60-72% бўлган. Металлургия цехи Ванюков печидан тўғридан-тўғри қайта ишлаш жараёни орқали хомашёдан мис тайёр маҳсулотини ажратиб олиш кўрсаткичи эса 93,87% ташкил этади. Бунинг натижасида қўшимча маҳсулот олишга эришилади.
Шунингдек, комбинатда яна бир янгилик яратилди. Рух заводи техноген чиқиндиларини қайта ишлаш жараёнига жалб қилиш орқали Металлургия цехи Ванюков печи, эритиш ва конвертер печларидаги табий газни тежаб қолиш ва қўшимча мис, олтин ва кумуш маҳсулотларини ажратиб олиш имконини беради.
Эътиборингизни рақамларга қаратадиган бўлсак, мазкур участкада йилига:
Мис эритиш заводининг 24 000 тонна техноген чиқиндилари қайта ишланади. Натижада йилига қўшимча 789 тонна мис катоди, 58 кг олтин ва 442 кг кумуш ажратиб олинади.
Рух заводининг 96 000 тонна техноген чиқиндиларини (клинкер) қайта ишлаш эса қўшимча 2 028 тонна мис катоди, 121,2 кг олтин ва 29,9 тонна кумуш олиш имкониятини яратади.
Техноген чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида йилига 59,2 млн доллар даромад олинади.
ОКМК Ахборот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
17:00 / 02.11.2024
ОКМКнинг 75 йиллиги: Ўзбекистон саноат фахри бўлган комбинатда йирик ўзгаришлар
20:17 / 15.10.2024
Олмалиқда 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди
17:08 / 15.10.2024
Президент ОКМКнинг муҳандислик мактаби ва 3-мисни бойитиш фабрикасини кўздан кечирди
17:00 / 30.08.2024