Ўзбекистон | 18:14 / 13.05.2022
4367
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш бўйича пилот лойиҳа натижалари аниқ бўлди

2022 йил 12 май куни Нукусда “Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш” қўшма лойиҳаси доирасида 30-55 ёшдаги аёллар ўртасида бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ (одам папилломаси вируси) тестини ўтказиш лойиҳаси жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи иштирокчилари кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди. 

Фото: ЮНФПА

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

Учрашувда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, халқаро экспертлар, ЮНФПА вакиллари, донорлар ҳамда лойиҳа ишчи гуруҳининг иштирокчилари қатнашди.

Фото: ЮНФПА

Учрашув чоғида ишчи гуруҳ аъзолари лойиҳа мониторинги натижаларини тақдим этиб, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони скрининги дастури лойиҳаси доирасида бачадон бўйнидаги саратонолди касалликларини даволашда термоамбляцияни жорий этиш тажрибаси билан ўртоқлашди. 

Шунингдек, соғлиқни сақлаш бирламчи бўғинида аёлларни кўрикдан ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича акушер-гинекологлар тўқнаш келадиган қийинчиликлар ҳамда уларнинг фаолиятидаги энг яхши тажрибалар қайд этилди.

Фото: ЮНФПА
Фото: ЮНФПА

Учрашув иштирокчилари бачадон бўйни саратони скрининги масалаларидан аҳоли хабардорлигини оширишга ҳамда аёлларни лойиҳага жалб қилиш мураккабликлари ва тажрибасига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувни доирасида ишчи гуруҳ иштирокчилари ҳамкорликдаги фаолият давомида амалга оширилган 49 140та (98 фоиз) тестдан 3 290таси (6,7 фоиз) организмда вирус мавжудлиги бўйича ижобий чиққанини маълум қилди. 

Патология аниқланган барча беморлар кейинги маслаҳатлашувга ва тор доирадаги мутахассислар даволашига йўналтирилди. Синовдан ўтказилган ижобий ОПВ мақомга эга 759 нафар (23 фоиз) аёлларга онкология бўлимига йўлланма берилди, жумладан, онкологияга юборилган аёллардан 9 нафарига (1,2 фоиз) бачадон бўйни саратони бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бачадон бўйнида энг кам миқдордаги шикастланиш аниқланган ижобий ОПВ натижага эга 237 нафар (31 фоиз) аёл поликлиникада термоамбляция ёки радиотўлқинли коагуляция муолажаларини қабул қилди.
 
Лойиҳа бачадон бўйни саратонини эрта босқичларда аниқлашга қаратилган бўлиб, бунда тўғри даволаш беморнинг 100 фоиз тузалишига олиб келиши мумкин. Дастурни амалга ошириш давомида олинган барча натижалар саратон касалликлари, жумладан бачадон бўйни саратонининг олдини олиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилади.

Фото: ЮНФПА

Юқорида қайд этилган лойиҳани жорий этиш ва ишга тушириш кўплаб тадбирлардан иборат мураккаб амалиётни назарда тутади, жумладан: 

янги қурилмаларни харид қилиш ва олиб кириш; 

тиббиёт ходимларини скрининг тестлар ўтказиш ҳамда ижобий натижали аёлларни саралашга ўқитиш; 

ривожланишни баҳолаш ва муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар ойда ташриф буюриш ва бошқалар. 

Лойиҳа доирасида 30-55 ёшдаги 50 000 нафар аёллар ўртасида бачадон бўйнидаги ўзгаришларни эрта босқичда аниқлаш учун ОПВ тест ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш бирламчи бўғимида 45 нафар гинеколог, 150 нафар оилавий шифокор, 270 нафар патронаж ҳамшираси ва 77 нафар доя ўқитилди. 

2021 йил январь ойида лойиҳа доирасида одам папилломаси вирусини (ОПВ) аниқлаш учун қурилмалар ва тест тизимлар топширилди. Япония ҳукумати маблағлари ҳисобидан харид қилинган 8та машина ва 50 000та тест Қорақалпоғистон Республикаси туман кўптармоқли поликлиникаларида ўрнатилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида Тошкент вилоятида бачадон бўйни саратони скрининги бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида Чирчиқ шаҳрида скрининг тадқиқотларини ўтказиш учун ЮНФПА кўмагида қўшимча 2та машина ва 6 000та тест сотиб олинди.

2022 йил февралида ЮНФПА Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бирламчи даражали саратонолди шикастланишларини даволаш учун 2 дона радиотўлқинли қурилма тақдим қилди.

Фото: ЮНФПА

Одам папилломаси вируси (ОПВ ёки HPV) сабабли юзага келадиган бачадон бўйни саратони ҳанузгача бутун дунё соғлиқни сақлаш жамияти долзарб муаммоси бўлиб келмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили бачадон бўйни саратони оқибатида 300 мингдан ортиқ аёл ҳаётдан кўз юмади. Ўзбекистонда, бутун дунёда бўлгани каби, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар орасида энг кенг тарқалган ҳамда фертил ёшдаги (15-45) аёллар орасидаги ўлим сабаби сони бўйича кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. 

ЮНФПА Ўзбекистондаги фаолиятини 1993 йилда бошлаган бўлиб, бугунги кунда агентлик миллий шериклар билан яқин ҳамкорликда бешинчи давлат дастурини (2020-2025) амалга оширмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид