Жамият | 20:30 / 13.05.2022
6950
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида қазиб чиқариш лойиҳалари ижроси юзасидан “Зеварда” конида сайёр йиғилиш ўтказилди  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти, бўлим ва кон бошлиқлари иштирокида 2022 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, белгиланган режа кўрсаткичларнинг бажарилиши бўйича “Зеварда” конида танқидий руҳда муҳокама қилинди.  

Фото: Ўзбекнефтгаз

Таъкидлаш керакки, бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Муборак регионида углеводородлар қазиб чиқариш, геолого-техник тадбирлар доирасида қудуқларини бурғилаш, капитал таъмирлаш ва технологик объектларни ишга тушириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, уларнинг самарадорлиги ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси ҳолати бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.  

Йиғилишда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида конлар кесимида газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, йилнинг ўтган даврида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларининг тушиб кетиши кескин танқид қилинди. Ҳар бир кон бошлиғининг углеводородлар қазиб чиқариш бўйича режа кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича ҳисоботлари тингланди.  

Бошқармадаги сиқув компрессор станцияларида ўтган давр мобайнида аварияли тўхталишлар сонининг ошиб кетиши, газ қазиб чиқариш ҳажмларининг камайишига сабаб бўлаётганига алоҳида урғу берилди.  

Қазиб чиқаришни кўпайтириш йўналишларида олиб борилаётган геолого-техник чора-тадбирларни жадаллаштириш, мавжуд сиқув компрессор станцияларида аварияли тўхталишларни бартараф этиш орқали уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди. 2022 йил биринчи ярим йиллигида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш билан газ қазиб чиқаришни ошириш бўйича бошқарма раҳбарияти ва департамент бошлиқларига тегишли топшириқлар берилди.  

Углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури доирасида “Денгизкўл” конида барпо этилаётган сиқув компрессор станцияси 2-навбатининг қуриш ишларини жадаллаштириш бўйича Бош пудратчи “Enter Engineering” компанияси ҳудудий менежерларига кўрсатмалар берилди.  

Бундан ташқари, технологик тадбирлар доирасида конларда режалаштирилган газ қувурларини қурилиш ишларида иштирок этаётган “Нефтгазмонтаж” ва бошқа пудратчи ташкилотларига ҳам алоҳида топшириқлар белгиланди.  

Шунингдек, Муборак регионида янги йўналишда, хусусан геологик излов – қидирув ишларини йўлга қўйиб, углеводородлар захирасини ўстириш учун истиқболли майдонларни аниқлаш мақсадида 3D сейсмик-қидирув ишларини ташкил этиш бўйича вазифалар топширилди.  

Йиғилиш якуни билан бошқармадаги ишларни доимий йўлга қўйиш, чора-тадбирларни ўз вақтида бажариш ҳамда йиғилишда белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида масъул департаментлар ва бошқарма мутахассисларидан иборат “Штаб” ташкил этилиши белгиланди.  

Бошқарув раиси топшириғига кўра, ушбу “Штаб” кон ва қудуқлардаги мавжуд муаммоларни аниқлайди ва тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид