Ўзбекистон | 12:15 / 13.05.2022
6128
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилган

Туркманистон пойтахтида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерациясининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтмоқда.

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Форумда Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси ҳам иштирок этяпти. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Сенат раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, ҳозирги замондаги таҳдидлар ва оғир шароитларга қарамай кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги йўлларини топишга муваффақ бўлинаётгани ҳақида қайд этиб ўтди.

"Бугунги кунда Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари ва Россия билан ўзаро ҳамкорлиги стратегик шериклик, қатор мамлакатлар билан эса иттифоқчилик даражасига кўтарилганини, давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси бунинг учун, шубҳасиз, асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидламоқчиман”, деди Сенат Раиси.

Сенат раиси томонидан Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришда парламентларнинг кўмаги муҳимлиги таъкидланди. Юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган, иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашадиган зарур ҳуқуқий базани яратиш таклиф этилди.

Шунингдек, гуманитар алоқаларни, ёшлар алоқаларини мустаҳкамлаш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, пандемиядан кейинги барқарор тикланиш бўйича амалий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг қўшма ташаббусларни илгари суриш амалиётини давом эттиришдан, шунингдек, халқаро парламент тузилмалари доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашдан манфаатдорлиги яна бир бор тасдиқланди.

Маълумот учун: форум доирасида ўзгариб бораётган дунёнинг масала ва муаммоларини ҳал этишда миллий парламентларнинг ўрни, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳолати ҳамда уларни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, янги норматив-ҳуқуқий механизмлар муҳокама этилиши назарда тутилган.

Мавзуга оид