Евроиттифоқнинг бешта давлатида одам савдосида гумон қилинган 200дан ортиқ киши қўлга олинди
Европа иттифоқининг бешта давлати – Австрия, Венгрия, Словакия, Чехия ва Руминияда одам савдосида гумон қилинган 200дан ортиқ киши қўлга олинди.
Австрия полицияси икки муҳожирнинг ўлимига айбдор бўлган контрабандачилар жиноий тўдасини қўлга олди. Австрия, Словакия, Чехия ва Руминияда одам савдосида гумон қилинган жами 205 киши ҳибсга олинди, деди Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер 12 май, пайшанба куни.
Қайд этилишича, улар Венгриядан Австрияга 36 000 дан ортиқ одамни яширинча олиб ўтишган.
Австрия полицияси матбуот котиби Йоханн Баумшлагнинг айтишича, аксарияти суриялик бўлган муҳожирлар киши бошига 3 000 дан 4 500 еврогача тўлаган. Австрия ички ишлар вазири Карнернинг сўзларига кўра, жиноятчилар бундан жами 152 миллион еврога яқин даромад олишган.
Полиция маълумотларига кўра, муҳожирлар Вена шаҳрига олиб кетилган, у ердан уларнинг кўпчилиги контрабандачиларнинг бошқа гуруҳлари ёрдамида Германия ва Францияга етиб боришни мақсад қилган.
«Бу контрабанда мафиясига қарши курашда сўнгги йилларда эришилган энг катта муваффақиятлардан бири», деди Карнер халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган тергов ҳақида. «Бу жиноий гуруҳлар учун инсон ҳаёти умуман муҳим эмас, гап фойда, очкўзлик, шафқатсиз мафия усуллари ҳақида кетмоқда», - деди вазир.
2021 йил октябр ойида Австриянинг Венгрия билан чегараси яқинида полиция 30га яқин одам бўлган машинани тўхтатганди, улардан икки нафари ўлик бўлган. Ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган, бироқ кейинчалик Латвияда қўлга олинган ва Австрияга экстрадиция қилинган.
Расмийларнинг айтишича, ташкилот январь ойида бошқа транспорт воситасини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлган чегарачининг отиб ўлдирилишига ҳам масъулдир. Шубҳали ҳайдовчи Венгрияда ҳибсга олинган.
Мавзуга оид
14:32 / 20.12.2024
Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
12:37 / 29.11.2024
«Сиз Россияга хизмат қиласизми ёки Гуржистонга?» — президент Тбилисидаги намойишларга қўшилди
19:17 / 28.11.2024