Жамият | 13:00 / 15.05.2022
9109
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Муборакдаги фаолияти тугатилган табиий газ қудуқларини таъмирлаш орқали қайта ишга тушириш ишлари ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига тегишли конларда кўп йиллар давомида ишлатилиши натижасида тугатилган қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш орқали уларни қайта ишга тушириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати ўрганилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Конлардаги эски қудуқларда таъмирлаш ишларини бажариш мақсадида Республика ҳудудида ушбу йўналишда фаолият юритаётган “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ ҳамда “Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш” МЧЖ каби асосий пудратчи корхоналар жалб қилинди.

Ушбу корхоналарга қарашли бўлган жами 16 та капитал таъмирлаш дастгоҳлари ёрдамида жорий йилнинг январ-апрел ойларида Муборак бошқармасига қарашли 134 та қудуқларда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари амалга оширилиши натижасида, қўшимча равишда 78 млн куб метр табиий газ ҳамда 2 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқармадаги конлардан табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш билан бир қаторда углеводород хомашёси захираларини кўпайтириш мақсадида ҳам бир қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, "Ғарбий Тегирмон", "Тегирмон", "Денгизкўл", "Жанубий Кемачи", "Ўртабулоқ", "Помуқ", "Алан" ва бошқа газ конларида узоқ вақт ишлатилиши натижасида маҳсулот олиш тўхтаб қолган ва тугатилган эски қудуқларнинг маълумотлари чуқур таҳлил қилиниб, уларда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида қўшимча углеводород хомашёси қазиб олинишига эришилмоқда.

Яқин кунларда эса 1970 йилда "Помуқ" конидаги геологик вазифасини ўтаб тугатилган 15-сонли қудуқда мутахассислар томонидан унинг геологик ва геофизик маълумотлари қайта ўрганилиши натижасида, қудуқни 3100 метргача чуқурлаштириш ва янги истиқболли қатламларни маҳсулдорликка синаш учун таъмирлаш дастгоҳи кўчириб ўтказилиб, ишлаб чиқаришга қайтариш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, "Жанубий Кемачи" конининг рақамли 3D геологик ва гидродинамик моделларини қайта таҳлил қилиш натижасида маҳсулот қазиб чиқариш ҳажмлари камайиб кетган 79 ва 81-сонли қудуқлар юра даврининг қуйи қатламларигача чуқурлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди ҳамда бу борадаги ишлар тасдиқланган график асосида жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Ушбу қудуқларни ишлаб чиқаришга қайтариш учун пудратчи қилиб, “Ўзбекнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ва “Махсусэнергогаз” АЖ корхоналари жалб қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига тегишли конлар ва қудуқлар фаолиятини қайта ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид