Жаҳон | 18:43 / 16.05.2022
20420
2 дақиқада ўқилади

Путин: «Финландия ва Швециянинг НАТОга кириши бизга тўғридан тўғри хавф туғдирмайди»

Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин Финландия ҳамда Швециянинг НАТОга қўшилиши борасида фикр билдирди.

Фото: Кремль ахборот хизмати

«Россиянинг Швеция билан ҳам, Финландия билан ҳам муаммомиз йўқ. Бу давлатлар алянсга қўшилиши бизга тўғридан тўғри хавф туғдирмайди. Лекин НАТО ҳарбий тузилмасининг ҳам бу давлатлар ҳудудича кенгайиб келиши биздан жавоб беришни талаб қилади. Қандай жавоб қайтаришни эса бизга қарши туғиладиган хавфдан келиб чиқиб қарор қиламиз.

Кўриб турганингиздек йўқ жойдан муаммо келиб чиқиши мумкин. Шимолий Атлантика алянси бўлмиш НАТО кенгаявериб ўз географиясидан – Евроатлантикадан ҳам чиқиб кетди. Улар халқаро майдондаги хавфсизлик масаласига тобора кўпроқ аралашмоқда. Буни эътиборсиз қолдира олмаймиз», деди Путин.

Финландия ҳамда Швеция НАТОга қўшилиши ҳақида расман қарор қабул қилган. Алянс ҳам бу икки давлатни тезлаштирилган тартибда қабул қилишга рози. Агар шундай бўлса, 1948 йил тузилган НАТОга аъзо давлатлар сони 32 тага етади.

Финландия президенти Россия президенти Путинга қўнғироқ қилиб, мамлакат НАТОга ҳар қанақасига қўшилиши ҳақида хабардор қилганди. Швеция эса НАТОга киргач, ўз ҳудудида ядро қуроли ва ҳарбий баъзалар жойлаштирилмаслигини билдирган.

Мавзуга оид