Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Хавфсизлик кенгашида кутилаётган ислоҳот нимани билдиради? — Сиёсий таҳлилчи билан суҳбат
Тез орада БМТ Хавфсизлик кенгаши фаолиятида муҳим ўзгариш бўлиши мумкин. Қатор хориж нашрларига кўра, бу ўзгариш кенгаш аъзоларининг вето ҳуқуқини қўллашига оид бўлади.
Амалдаги тартиб Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитойнинг муҳокама қилинадиган масалалар бўйича бир фикрда бўлишини талаб қилади. Улардан бирортаси муҳокама қилинаётган қарорнинг қабул қилинишига розилик билдирмаса, қарор рад қилинган ҳисобланади.
БМТ танқидчиларининг фикрича, айни шу вето ҳуқуқи сабаб ташкилот таклиф қилаётган кўплаб ислоҳотлар амалга ошмай қолмоқда. Бу, шунингдек, кўплаб инқирозларнинг ечимини кечиктирмоқда, янада кўп фожиалар рўй беришига олиб келмоқда.
Хўш, БМТ ХКда рўй бериши айтилаётган ўзгаришлар нималарни кўзда тутади? У кенгаш ва пировардида БМТ фаолияти яхшиланишига олиб келадими ёки фойдаси сезилмайдиган навбатдаги амалиётлигича қоладими?
Kun.uz мухбири мавзу таҳлили бўйича сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан интервью уюштирди.
— Аввал БМТ фаолияти ҳақида гаплашсак. Хўш, у ўзи қандай мақсадларда ташкил этилганди ва Миллатлар лигасидан фарқи нимада эди?
— Миллатлар лигаси 1920 йилда, Биринчи жаҳон урушидан кейин ташкил топган. Ташкилотга 50 га яқин давлатлар аъзо бўлган ва урушдан кейинги кучлар даражаси унда ўз аксини топганди.
Миллатлар лигасида Биринчи жаҳон урушини енгган асосий давлатлар – Англия, Франция ва Совет иттифоқи қудратли давлатлар сифатида акс эттирилган. Шунингдек, унда Ғарб давлатларининг кўпроқ бир қутбли дунё ўрнатишга мойил бўлган тизими шаклланган эди.
Миллатлар лигасининг ҳам мақсади дунёда тинчлик ўрнатиш ва урушнинг олдини олиш эди. Иккинчи томондан глобал ҳуқуқни таъминлаш.
Лекин бу ташкилот ўз вазифасини бажара олмади. Сабаби, иккинчи жаҳон уруши барибир бошланди. Ташкилот 1920 йилдан 1946 йилгача яшади.
1945–46-йилларда энди бошқа бир ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилиб бошланди. У энди иккинчи жаҳон урушининг хулосалари билан ташкил топган. Яъни унинг ҳам биринчи ва глобал вазифаси урушга йўл қўймаслик, давлатлар ўртасидаги зиддиятларни тинчлик ва диалоглар орқали ҳал қилишдан иборат этиб белгиланган.
Шундай бўлса-да, Иккинчи жаҳон урушида кимдир ғолиб, кимдир мағлуб эди. Яъни ўша вақтда мустамлака бўлган давлатлар ҳали ташкилот аъзоси эмасди.
Албатта, БМТга империя ва мустамлакалардан чиқаётган янги давлатларни ташкилотга тенг ҳуқуқлилик асосида аъзо қилиш вазифаси қўйилган эди.
Лекин БМТнинг энг катта заиф ва ноқис нуқтаси унинг Хавфсизлик кенгаши эди. Яъни ташкилот ичида икки йирик структура, бўлим мавжуд. Буларнинг биринчиси – доимий бешта аъзога эга Хавфсизлик кенгаши ва иккинчиси – Бош Ассамблея.
Бош Ассамблея йиғинида кўриладиган масалаларда ҳар бир давлат битта овозга эга. Лекин БМТга аъзо бўлган давлатлар бошқа томондан тенг ҳуқуқли ва ваколатли эмаски, иккинчи структура Хавфсизлик кенгашида фақат бешта аъзо бор. Улар исталган қарор устидан вето – тўхтатиб қўйиш, тақиқлаш ҳуқуқини ишлатаверади.

— Кўпчилик сиёсатшунослар ва давлат раҳбарларининг фикрича, глобал адолатни таъминлаши кутилган БМТ бугунга келиб, ўзи адолатга муҳтож бир органга айланиб қолган. Хўш, БМТ нега бунчалик заиф ташкилотга айланиб қолди? Унинг муаммолари фақат глобал терроризмдами ё ўзга қандайдир муаммолари ҳам борми?
— БМТ тузилаётганда дунёдаги кучлар нисбати маълум эди. Шунингдек, ўша даврда давом этаётган Совуқ урушдаги мувозанатни сақлаш учун Хавфсизлик кенгашига 5 та давлат: АҚШ, Англия, Совет иттифоқи, Хитой ҳамда Франция доимий аъзо сифатида белгиланган эди. Улар ўртасида ўша даврни ифода этувчи кучлар нисбати шаклланган, яъни улар ўзларига мана шу ваколатни олган.
Бугунга келиб ҳам дунёда уруш ва тинчлик, глобал хавфсизлик, энг муҳим муаммоларни ҳал қилишга қаратилган қарор қабул қилиш борасидаги мана шу давлатларнинг ваколати катта.
Бугунга келиб 1945 йилда ташкил топган БМТнинг структураси дунё талабига жавоб бермайди. Лекин ўша даврдаги структура БМТнинг ўша пайтдаги низоми билан беркитилган. Бу низомни қайта кўриб чиқиш бугун имконсиз.

Уни қайта кўриб чиқиб ўзгартишлар киритилиши учун барча аъзолар бир вақтда рози бўлиши керак. Бунинг ичига юқоридаги бешта давлат ҳам киради. Аммо бу бешта давлат вето борасидаги монополиясини йўқотишни истамайди.
Улар БМТда ислоҳотлар қилишни хоҳлайди. Улар ўзига тарафдор бўлган у ёки бу давлатни хавфсизлик кенгашига киритишни истайди. Бироқ айни пайтда глобал манфаат ёки ҳокимият тўғрисида гап кетар экан оппонент томонидан кенгашга кимдир киритилишига вето қўйиб келаверади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.