Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
5 йил стажга эга хотин-қизларга ОТМга киришда 500 та квота ажратилади – қарор лойиҳаси нима бўлди?
Ўз мутахассислиги бўйича 5 йиллик стажга эга, лекин олий маълумоти бўлмаган хотин-қизлар учун 500 та квота ажратилиши ҳақида қарор лойиҳаси эълон қилинганди. Бироқ қарор ҳали қабул қилинмади, қабул бошланишига эса оз қолди. Kun.uz лойиҳа тақдири ҳақида маълумот олиш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан боғланди.
Regulation.gov.uz'га 7 апрелдан 22 апрелга қадар муҳокамага қўйилган "Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида хотин-қизларга қўшимча квота ажратилиши талаблари ва босқичлари батафсил тушунтирилган.
Лойиҳа қайси босқичда?
Қарор лойиҳасига кўра, хотин-қизлар 500 та квотага даъвогар бўлиш учун Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига эга бўлиши керак. Бунинг учун эса талабгорлар доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон шаклда ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар мурожаат қилиши лозим.
Бироқ бугун – 19 май. Лойиҳада кўрсатилган тавсиянома бериш муддати тугашига атиги 12 кун қолди.
1 июндан 10 июнгача эса туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари тавсияномага ҳужжат топширган хотин-қизларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, талабга жавоб берганларга 15 июнгача тавсиянома беришни тугатиши керак. 15 июндан ОТМларга онлайн рўйхатдан ўтиш бошланади ва тавсияномаси борлар бу маълумотни ўз шахсий кабинетларида кўрсатишади, ДТМ эса тавсияномаларни ҳисобга олади.
Лекин ҳозир тавсиянома учун ҳужжат топширишнинг 20 куни ўтиб бўлди. Қарор эса ҳали қабул қилинмаган.
Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонованинг маълумот беришича, ҳозир қарор Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиляпти ва яқин орада тасдиқланиши кутилмоқда.

Дилшода Мирзажонованинг айтишича, ушбу тавсияномаларни бериш бўйича қўмитанинг ишчи гуруҳи тузилган ва ишчи гуруҳ қарор тасдиқланиши билан тавсияномалар учун ҳужжатларни қабул қилиб олиб, вазифаларни бажаришга тайёр.
Тавсиянома беришга улгуриш мумкинми?
Дилшода Мирзажонова алоҳида ажратилаётган 500 та квота янгилик бўлгани учун бир қанча вазирликлар ўзаро келишиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мослигини ўрганиб чиқиш ва лойиҳанинг тасдиқланиши вақт олиши учун ҳам қарор қабул қилиниши кечикаётганлигини таъкидлади.
“Бироқ қарор тасдиқлангач, тавсиянома беришга муддатида улгуриш учун ҳудудий бошқармалар билан доимий боғланиб турибмиз. Уларга вилоятлардаги олий маълумотга эга бўлмаган, ўз мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик стажга эга бўлган хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш топшириғи берилган”, деди қўмита масъул ходими.
Квоталар қандай тақсимланади?
Лойиҳада ажратиладиган 500 та квота қўмита ва Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ОТМлар кесимида тақсимлаши ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритилиши лозимлиги қайд этилган.
Дилшода Мирзажонованинг қайд этишича, квоталар ҳудудлар ва йўналишлар кесимида тақсимланиши кўзда тутилган. Квоталар тақсимоти лойиҳаси охирги босқичда Қабул комиссияси томонидан тасдиқлагач, эълон қилинади.
Тавсиянома бериш чекланмаган, лекин квота 500 та
Бу қарор лойиҳасида қайд этилган.
“Мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга бўлган, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизлар мурожаат қилганда уларнинг мезонларга мос келиши текширилиб тавсиянома берилаверади. Лекин тавсиянома олганлар ҳам кириш имтиҳонини топширади ва баллари кетма-кетлигига кўра танловда иштирок этади”, дея маълумот берди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси расмийси.
Унинг қўшимча қилишича, қарор лойиҳаси ҳали қабул қилинмагани учун лойиҳада кўрсатилган ёки ўзи тақдим этган маълумотларда ўзгариш бўлиши мумкин.
Яна нималарни билиш муҳим?
Энг аввало, мазкур тартиб бўйича тавсиянома олиб ўқишга ҳужжат топширмоқчи бўлган ва стажга эга бўлган хотин-қизлар янгиликлардан хабардор бўлиб туриши лозим. Сабаби қарор қабул қилинса, тавсиянома учун ҳужжат олиш бошлаб юборилади.
Энг асосийси эса танланаётган йўналиш бўйича тегишли фанлардан тайёргарлик кўришни унутмаслик лозим. Тавсиянома олиш – талаба бўлишни англатмайди. Тавсиянома билан ҳам барибир тест топширилади, фақат натижалар алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Агар 500 та квотага балл етмаса, унда тавсияномали хотин-қизларнинг баллари ҳам умумий тартибда бошқа абитуриентлар билан бир хил тартибда ҳисобланади. Баллар эса паст бўлмаслиги аниқ.
Масалан, халқ таълими соҳасида 156,2 минг нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчи ишламоқда. 500 та квота билан солиштирганда бу – жуда катта рақам ва асосий рақобат педагогика йўналишларида бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
15:23 / 01.06.2026
Самарқанддаги 4 та олийгоҳ қайта ташкил этилади
21:12 / 03.04.2026
Ўзбекистон хорижий талабаларни кўпроқ жалб этмоқчи
19:02 / 06.03.2026
Жазо ўтаётган аёлларга олийгоҳларда ўқиш имконияти яратилади
14:33 / 27.02.2026