Жаҳон | 09:33 / 19.05.2022
10183
4 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Украинани қўллаб-қувватлаш ва тиклаш режаларини тасдиқлади 

Украинанинг шошилинч эҳтиёжларини қондириш учун Европа комиссияси рекорд даражадаги макромолиявий ёрдам дастурини эълон қилди. Урушдан кейинги тикланиш учун эса у ислоҳот билан аниқ боғланган инвестиция режаси ташаббусини бошлади.

Фото: Reuters

Европа комиссияси (ЕК) Украинага зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Россия томонидан бошланган урушдан кейин мамлакатни узоқ муддатли тиклаш режаларини тасдиқлади. Бу ташаббуслар ҳақида 18 май, чоршанба куни Брюсселда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен эълон қилди, шундан сўнг улар еврокомиссарлар томонидан ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълум қилинди, деб хабар беради DW.

Еврокомиссия уруш туфайли Украинанинг солиқ ва экспорт тушумлари кескин камайганини, шу билан бирга, харажатлар кўпайганини эслатди. ХВЖ маълумотларига кўра, июнь ойигача бюджет тақчиллиги тахминан 14 миллиард еврони ташкил қилади. Еврокомиссия тақдим этилган ёрдамга қўшимча равишда 9 миллиард еврогача бўлган янги макромолиявий ёрдам дастурини эълон қилди. 

Ушбу кредит маблағлари 2022 йил давомида траншларда тўланиши режалаштирилган. ЕК уларнинг қайтиши ва «имтиёзли фоиз ставкалари»нинг узоқ муддатини ваъда қилди. Энди Брюссел расмийлари янги макромолия дастури бўйича расмий таклиф тайёрлаб, тақдим этиши керак, кейин эса у Европа иттифоқи кенгаши ва Европарламент томонидан кўриб чиқилади. 

ЕК Украинани қайта тиклаш катта халқаро саъй-ҳаракатларни талаб қилишини ва шунинг учун уларга «Россия агрессияси давом этаётган бир пайтда» асос тайёрланиши кераклигини таъкидлади. 

Брюссел расмийлари фикрича, Украинани тиклаш режаси (RebuildUkraine)ни амалга ошириш учун алоҳида платформа яратилиши керак, уни Европа комиссияси ва Украина ҳукумати биргаликда бошқаради. Унда Европа иттифоқи давлатлари, бошқа мамлакатлар, халқаро молия ташкилотлари ҳам иштирок этиши керак. 

Европа иттифоқи тикланиш режасини молиялаштиришда муҳим роль ўйнашга тайёр, бунинг учун ЕК алоҳида молиявий восита - RebuildUkraine Facility’ни яратишни таклиф қилди. У грантлар ва кредитлардан иборат бўлади. Еврокомиссияда Украинани урушдан кейин тиклаш учун зарур бўлган умумий маблағ миқдори ҳали номаълум экани қўшимча қилинди.

Еврокомиссияда қайта тиклаш Украина ислоҳоти билан бирга бориши кераклиги таъкидланди. «Кенг ислоҳот дастури билан аниқ алоқани ўрнатиш тикланиш саъй-ҳаракатларининг муваффақияти учун жуда муҳим бўлади. Украина ўтган йиллар давомида ислоҳотлар бўйича сезиларли муваффақиятларга эришди. Тўлиқ тикланиш бошланганда бу ислоҳотларни бирлаштириш ва тезлаштириш муҳим бўлади», - дейилади Еврокомиссия ҳужжатида. Шу билан бирга, ташаббус муаллифлари мамлакатни урушдан кейинги тиклаш Европа иттифоқининг «яшил» ва рақамли устуворликларига мувофиқ амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди. 

«Вақт ўтиб, инвестициялар ва ислоҳотларнинг бу комбинацияси Украинани Европа йўлидан боришда қўллаб-қувватлайди. Бу ЕИга қўшилиш жараёни учун жуда муҳим», - деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, гап биринчи навбатда коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида бормоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид