Жамият | 14:59 / 20.05.2022
11382
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Ўзбекистонда илк бор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан “Евро-6” юқори сифатли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нефт-газ саноатидаги ишлар натижадорлигини таъминлаш, нефть маҳсулотларини диверсификация қилиш, истеъмолчиларнинг сифатли нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида берган топшириқлари ижроси юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини босқичма-босқич модернизация қилиш, юқори сифатли экологик тоза бўлган дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилди ҳамда қисқа даврда ижобий натижаларга эришилди.

Завод мутахассислари томонидан газоилни гидротозалаш қурилмасидаги реакторнинг иш тартиби учун энг яхши технологик вариантларни танлаш йўли орқали жараённи оптималлаштириш бўйича ишлар бажарилди. Бу эса ўз навбатида, юқори экологик тоифадаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини берди.

Шу тарзда, Ўзбекистон тарихида илк бор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан “Евро-6” русумидаги экологик тоза дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Ўз навбатида, O’zDSt 989:2010 “ЕВРО дизель ёнилғиси. Техник шартлар” талабларига жавоб берувчи ДТ-ЕВРО-Л-III-К5 (ЭВРО-6) маркали дизель ёнилғисини серияли ишлаб чиқариш учун Ts 16472899-044:2021 ташкилотининг мувофиқлик сертификати олинди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Евро-6” русумидаги экологик тоза дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш муваффақиятли давом эттирилиб, 1150 тонна мазкур русумдаги дизель ишлаб чиқарилишига эришилди ҳамда биржа савдолари орқали республика истеъмолчиларига таклиф этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Евро-6” русумидаги дизель ёнилғиси ички ёнув двигателларининг атроф муҳитга зарарини камайтиришга қаратилган бўлиб, таркибида политиклик ароматик углеводородлар масса миқдори  эса 4,0 фоиздан кўп бўлмагани ҳолда, олтингугурт масса миқдори 5 мг/кг (ppm)ни ташкил этади. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид