Водийнинг уч вилоятидаги ҳолат билан танишадиган бўлсак, Андижоннинг 48 минг, Фарғонанинг 30 минг ва Наманганнинг 11 минг аёли миграцияда.

Ваҳоланки, аёл – янги зурриёд тарбиячиси. Аксарият ҳолларда улар ўз фарзандларини қариндошларига ташлаб кетишган. Ота тарбиясини кўрмай ўсаётган болалар муаммоси ёнига онасининг бевосита меҳр-эътиборидан айро мурғаклар муаммоси ҳам қўшиляпти.

Сабаблар эса, аниқки, иқтисодий асосларга эга. Ишсизлик ва иқтисодий муаммолар оилалардаги муҳитга таъсир қилмай қолмаяпти. Биз бу борада водий аҳолиси ўртасида ижтимоий сўров ҳам ўтказдик. Андижон, Фарғона ва Наманган шаҳри кўчаларида юқоридаги саволларни аҳоли вакилларига берганимизда одамларнинг жавоблари деярли бир-бирига яқин бўлди.

Унга кўра, аёлларимиз аввало оиладаги етишмовчилик, фарзандлар учун шароит яратиш, муносиб иш ўрни йўқлиги, турмуш ўртоғининг рўзғор юкини хотинига ташлаб қўйгани сабаб чет элга йўл олади.

Хўш, қайта ташкил этилган Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий раҳбарлари бу борада қандай фикрда? Аёллар миграцияси бўйича саволларимизга Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари – ҳудудий Оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари Гулнора Абдуллаева, Камила Кавланова ва Динара Якубова жавоб беришди.