Жаҳон | 21:00 / 21.05.2022
16021
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Швеция ва Финландия раҳбарлари билан музокаралар ўтказди

Финландия ва Швеция 18 май куни НАТОга кириш учун ариза топширди. Анқара уларнинг алянсга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда. 

Саули Ниинистё, Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Магдалена Андерссон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швеция бош вазири Магдалена Андерссонни террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш чорасини кўришга чақирди. Бу ҳақда «Онадўлу» агентлиги хабар берди.

«Швециянинг террорчи ташкилотларни сиёсий, молиявий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаши тўхтатилиши лозим»,— дейилади Туркия маъмуриятининг Швеция бош вазири билан телефон орқали ўтказилган мулоқот якуни бўйича хабарида.

Шунингдек, Эрдўған Андерссон билан мулоқоти давомида 2019 йилда Туркия Сурияга бостириб кирганидан Анқарага нисбатан қурол экспортига жорий этилган эмбарго бекор қилиниши кераклигини айтди.

Хабар қилинишича, Эрдўған шунингдек, Финландия президенти Саули Ниинистё билан Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши бўйича музокара ўтказган.

Ниинистёнинг сўзларига кўра, у Эрдўған билан «очиқ ва тўғридан тўғри» музокара олиб борган.

«Финландия терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишини қоралайди. Мулоқот давом этмоқда»,— деган Саули Ниинистё.

Финландия ва Швеция 18 май куни НАТОга кириш учун ариза топширди. Анқара бу мамлакатларни террорчи ташкилот деб эълон қилинган Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашда айблаб, уларнинг алянсга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда. 

Мавзуга оид