Жаҳон | 07:44 / 21.05.2022
9784
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия ҳаракатларидан етказилган зарарни қоплаш учун фонд тузишни таклиф қилди

Компенсация тўлаш жамғармаси Россиянинг Украина билан ҳамкор мамлакатларда мусодара қилинган активлари ҳисобидан шакллантирилади, деб ҳисоблайди Володимир Зеленский. Бош вазир Шмигал аввалроқ тиклаш ишлари қийматини 600 миллиард долларга баҳолаган эди.

Фото: Picture Alliance

Украина президенти Володимир Зеленский ўз мамлакатига ҳарбий босқин чоғида Россия етказган зарарни тўлаш учун жамғарма ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашини билдирди. «Биз ҳамкор давлатларга кўп томонлама шартнома имзолашни ва Россия ҳаракатларидан жабрланганлар барча йўқотишлар учун компенсация олишлари мумкин бўлган механизм яратишни таклиф қиламиз», — деди давлат раҳбари 20 май, жума куни видеомурожаатида.

Ҳамкор давлатларнинг юрисдикцияларида жойлашган Россия маблағлари ва мол-мулки олиб қўйилиши ёки музлатилиши, кейин эса мусодара қилиниши ва махсус фондга йўналтирилиши керак, дея тушунтирди Зеленский. У Украинанинг ҳамкор мамлакатларини ушбу жамғарманинг таъсисчилари бўлишга таклиф қилди.

Россия уруш «бошқаларга эмас, балки у билан бирга келган қўшнига максимал даражада зарар етказишга» қодир эканини ҳис қилиши керак», деди Украина президенти. «Россия пуллари компенсация сифатида ҳар бир инсонга, оилага, зарар кўрган бизнесга етиб бориши керак», - дея қўшимча қилди Володимир Зеленский.

Украина бош вазири Денис Шмигал апрель ойи охирида урушдан кейин мамлакатни қайта тиклаш учун зарур бўлган маблағни 600 миллиард доллар (553 миллиард евро) деб баҳолади. Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги сессиясида Украина ҳукумати раҳбари ташкилот аъзоларини ХВЖдан олган захира активларининг 10 фоизини Киевни қўллаб-қувватлаш учун хайрия қилишга чақирди.

Мавзуга оид