ЖССТ маймун чечаги тарқалишига қарши чоралар кўришга чақирди
Яқин келажакда маймун чечаги билан касалланишнинг ўсиши кутилаётганига қарамай, мутахассислар янги пандемия хавфини кўрмаяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечагининг янада тарқалишига қарши қатор чоралар кўришга чақирди.
«Кўплаб мамлакатларда эндемик ҳудудларга сафар қилмаган кишиларда маймун чечагининг тасдиқланиши ноодатий ҳолатдир. Шунинг учун маймун чечаги касаллиги ҳақида хабардорликни ошириш ва касалликни кенг қамровли аниқлаш ҳамда изоляция қилиш (қўллаб-қувватловчи терапия билан), алоқаларни қидириш ва юқишини чеклаш бўйича кенг қамровли ишларни амалга ошириш лозим», дейилади ЖССТнинг 22 май, якшанбага ўтар кечаси эълон қилинган баёнотида.
Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозиргача Европа, Шимолий Америка ва Австралияда, асосан эркакларда маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Бироқ, кузатувларнинг ҳали ҳам чекланганлиги сабабли, касаллик бошқа мамлакатлардаги аҳолида ҳам қайд этилиши мумкин. 21 майга келиб, ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда маймун чечаги инфекциясининг 90 га яқин тасдиқланган ҳолатлари қайд этилган. 30 га яқин одам ушбу касалликка чалинганликда гумон қилинмоқда. Ҳозирча ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.
Маймун чечаги биринчи марта 1970 йилда Конго Демократик Республикасида одамда аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.
Яқин келажакда маймун чечаги билан касалланиш сонининг кўпайиши кутилаётганига қарамай, мутахассислар ҳали жиддий ташвишланиш сабабларини кўрмаяпти. «Биз янги пандемиядан қўрқмаслигимиз керак», деди Мюнхендаги Людвиг ва Максимилиан университети вирусологи Герд Зуттер Германиянинг Die Zeit Online нашрига берган интервьюсида.
Унинг қайд этишича, маймун чечаги ҳайвонлардан одамга юқадиган зооноз касалликдир. Унинг одамдан одамга юқиши билан иккиламчи тарқалиши чекланган.
22 май куни Женевада очилган 75-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида соғлом ва осойишта сайёра қуришга эътибор қаратилади. 2019 йилдан бери биринчи марта бир жойда йиғилган ҳолда ўтказилаётган ЖССТнинг йиллик асосий форумида ташкилотга аъзо 194 давлат, жумладан, Россия вакиллари иштирок этмоқда. Форум мавзуларидан бири маймун чечаги вирусининг тарқалиши бўлади.
Бундан ташқари, ассамблея ЖССТ бош директорини яна беш йиллик муддатга тасдиқлаши керак. Аввалроқ ушбу лавозимга ташкилотнинг амалдаги раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус номзоди илгари сурилганди.
Мавзуга оид
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024