Жаҳон | 21:40 / 23.05.2022
38965
3 дақиқада ўқилади

“Ўз юртимдан ҳеч қачон бунчалик уялмагандим” — россиялик дипломат исёнли истеъфо берди

“Бугун Ташқи ишлар вазирлиги дипломатиянинг жойи эмас, урушни оқлаш, ёлғон ва нафрат маконига айланган”, деган Борис Бондарев.

Фото: Mark Henley / Panos Pictures

БМТнинг Женевадаги офисида Россия миссияси маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган дипломат Борис Бондарев Украина билан уруш туфайли истеъфо берганини маълум қилди.

“Бўлди, етар. 20 йиллик дипломатик фаолиятим давомида ташқи сиёсатдаги турли бурилишларни кўрдим, лекин ўз мамлакатимдан шу йил 24 февралдагичалик ҳеч уялмаган эдим. Путин томонидан Украинага, аслида эса бутун Ғарб оламига очилган агрессив уруш – нафақат украин халқига қарши жиноят, балки эҳтимол Россия халқига нисбатан содир этилган энг оғир жиноят ҳамдир, ҳамонки мамлакатимизда фаровон ва эркин жамият қуриш умидлари ва истиқболларининг устига семиз Z ҳарфи билан тўсиқ қўйиляпти.

Бу урушни ўйлаб топганлар фақат бир нарсани: умрбод ҳокимиятда қолиш, ҳашаматли ва дидсиз саройларда яшаш, оғирлиги тонналарда ўлчанадиган ва нархи бутун Россия флотининг нархига тенг яхталарда сузиш, чекланмаган ҳокимият ва мутлақ жазосизликдан лаззатланишни истайди. Бунга эришиш учун улар қанча керак бўлса, шунча қурбон беришга тайёр. Минглаб россияликлар ва украиналиклар аллақачон фақатгина шунинг учун ўлиб кетишди”, – дея ёзган у LinkedIn'даги саҳифасида.

Бондарев ўз постида РФ ТИВ тизимида “ёлғон ва нопрофессионаллик” кўлами мунтазам кенгайиб бораётгани, тизим 1930 йиллардаги совет нашрлари руҳида пропаганда билан машғул бўлиб қолганини таъкидлаган.

“Бугун Ташқи ишлар вазирлиги дипломатиянинг жойи эмас. Урушни оқлаш, ёлғон ва нафрат маконига айланган. У кам, жуда кам сонли одамларга хизмат қиляпти, шу орқали юртимнинг янада изоляцияга тушишига ва деградацияга учрашига ҳисса қўшяпти. Ортиқ Россиянинг иттифоқчиси йўқ, бунга оқибати ўйланмаган нотўғри сиёсатдан бошқа сабаб йўқ.

Мен дипломат бўлишга ўқиганман ва 20 йил давомида дипломат сифатида фаолият юритдим. Вазирлик менинг уйим ва оиламга айланиб қолганди. Бироқ бу қонли, ақлсиз ва мутлақо кераксиз шармандаликка ортиқ шерик бўлолмайман”, деган дипломат.

Борис Бондарев 23 май куни ҳамкасбларига хат йўллаб, унда уч ой олдин ишдан бўшаши керак бўлгани, лекин “кечиктириб бўлмас оилавий юмуши” бўлгани сабаб бундай қилолмаганини ёзган. Женевадаги дипломатлар рус дипмиссияси вакилидан шундай хат олишганини тасдиқлашган.

Мавзуга оид