«Спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмас» — Шавкат Мирзиёев
Спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши маълум қилинди.
Президент раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича йиғилиш бошланди.
Йиғилишда сўнгги беш йилда спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та янги йирик спорт объектлари фойдаланишга топширилгани ва 110 та объект реконструкция қилингани таъкидланди.
Жорий йилда спорт соҳасига 2 триллион 300 миллиард сўм (2017 йилдан 5 бараварга кўп), шундан спорт таълим муассасалари учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилди.
Илк бор барча маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мактаблари тренерлари иштирокида ёшларни спортга жалб этиш бўйича янги беш босқичли мусобақаларга старт берилди.
Апрел-май ойларида мусобақалар билан 3 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди.
«Лекин, спортдаги натижалар яратилган шароитларга ҳали мос эмас», деди давлат раҳбари.
Спорт мактаблари билан олимпия захиралари коллежлари ва олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида селекция борасида узвий «занжир» йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Мисол учун, республикадаги 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 190 тасида 36 та олимпия спорт туридан бор-йўғи 10 таси ўргатилади.
Оқибатда, халқаро мусобақаларда қатнашиш учун давлат барча ташкилий ва молиявий шароитларни яратиб бераётганига қарамасдан, Осиё ва жаҳон олимпия спорти бўйича чемпионатларида 5-6 нафардан совриндор чиқмоқда, холос.
6 та олий спорт маҳорати мактаби, 32 та олимпия спорт федерацияси олимпия захиралари коллежлари билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Коллежлардаги 9 мингга яқин спортчиларнинг 21 фоизи миллий терма жамоага кира олган, холос.
«Ваҳоланки, миллий терма жамоа таркибини айнан шу коллежлардан чиққан спортчилар ташкил этиши керак эмасми? Бу масала қайси вилоят ҳокимини қийнаяпти?
Бирорта вилоят, туман ёки шаҳар ҳокими спортнинг барча турлари бўйича тизимли ишлашни йўлга қўя олгани йўқ», деди президент.
Сидней ва Рио Олимпиадаларида шуҳрат қозонган Андижон, Бухоро ва Фарғона бокс мактаблари бугунги кунга келиб натижа кўрсатмай қўйгани таъкидланди.
Ўтган йили 352 та республика мусобақаси ўтказилган бўлса-да, бирорта ҳудудда туман босқичи, 158 тасида эса вилоят босқичи ташкил этилмаган.
«Спорт вазирлигини янгидан ташкил этиб, вазир ва ўринбосарларига аниқ вазифаларни қўйганман.
Энди спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади», деди президент.
Энг аввало, ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилади.
Янги тизим Бухоро вилояти мисолида тушунтирилди. Жумладан:
- ҳар бир маҳаллада иккита мавсумда (апрел-июн, сентябр-декабр) мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар спорт бўлими ва ёшлар етакчиси томонидан электрон рўйхатга киритилади;
- бу ёшлар вилоятдаги 19 та спорт мактабининг махсус гуруҳларида (8 ойгача) мураббийлар билан бепул шуғулланади;
- махсус гуруҳлардаги профессионал спортга салоҳияти бор ёшлар йўналишига кўра вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактабга қабул қилинади (сузиш, яккакураш, ўйин турлари ва енгил атлетика, бадиий гимнастика);
- спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади. Бундан ташқари, яхши натижа кўрсатган мактаб директорлари, тренерлар ва бошқа мутахассисларга қўшимча 50 фоизгача устама тўланади;
- жамоавий спорт турлари бўйича ҳудудий чемпионатларда спортчилари ғолиб бўлган тренерларга 5 фоиз, республика чемпионатида – 20 фоиз устама берилади;
- вилоятдаги спорт мактаблари ихтисослигига қараб олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилади.
Мавзуга оид
20:31 / 20.09.2024
Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуаси қурилиши мумкин
14:53 / 06.09.2024
Спортга харажатлар: келажак учун инвестициями ёки ортиқча дабдаба?
20:43 / 05.09.2024
Кенияда Париж олимпиадасида иштирок этган марафончи севган йигити томонидан ёқиб юборилди
12:04 / 28.08.2024