Ўзбекистон | 22:13 / 24.05.2022
33190
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ТИВ ўз фуқароларига нисбатан Самарқандда шокер қўлланганига муносабат билдирди

Вазирлик расмий вакили Айбек Смадияров воқеа бўйича кейинги жараёнлар кузатиб борилаётгани, Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъкидлади. “Видеолар остидаги изоҳларда Ўзбекистон жамоатчилигининг ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларнинг ҳаракатларини қоралаяпти”, деди дипломат.

Фото: Inform.kz

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Самарқанд шаҳрида қозоғистонлик сайёҳлар ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамроҳларига электрошокерга қўллангани воқеасига муносабат билдирди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар бермоқда.

“Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиш учун хат билан чиқди. Фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз”, – деди Айбек Смадияров.

Унинг сўзларига кўра, вазирлик вакиллари видеони ўрганиб чиқишган.

Видеодан кадрлар

“Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бизнинг фуқароларимизга электрошокер қўллагани акс этган видеолар остидаги изоҳларда Ўзбекистон жамоатчилигининг ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларнинг ҳаракатларини қоралаяпти. Шу билан бирга, биз ҳам вазият бўйича назорат қилиб турибмиз”, – деди дипломат.

“У ерда ички текширув бошланган, ходимлар четлатилган. Жараёнга аралашмасликка ҳаракат қиляпмиз ва фақат ўз фуқароларимизга оид қисмини кузатиб боряпмиз”, – таъкидлади Қозоғистон ТИВ расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, 21 майга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида ППХ ходимлари хорижлик сайёҳларни тўхтатиб, улар паспортларини кўрсатишганига қарамай ИИБга олиб борган, бунга мажбурлаш учун электрошокер қўллаган. Ходимлардан бири бу ҳаракатларини уларга “план” қўйилгани билан изоҳлаган.

Ички ишлар вазирлиги улар мансабидан четга чиққанини тан олиб, хизмат текшируви натижасига кўра жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.

Мавзуга оид