Тинч замоннинг бегуноҳ қурбонлари. Таниши борларни ҳеч нарса тўхтатолмаяпти
Ашаддий қоидабузар ҳайдовчи таниш-билишлари орқали осон қутулиб кетишини билса, ЙПХнинг кучи “Матиз” минган киракашдан бошқасига етмаса, “Малибу” минган каттаконни қоидабузарлиги учун билмасдан тўхтатиб қўйган ЙПХ ходимига унинг бошлиғи: “Оқ йўл тилаб, қўйвор”, деб топшириқ бериб турса, албатта, йўлларимизда болалар ўлаверади.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Telegram-каналида Намангандаги даҳшатли ЙТҲ ҳақида сўз юритди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда автомобил йўлида юриш ҳаддан зиёд хавфли бўлиб қолаётганига сабаб – жазо муқаррар эмаслиги.
“Косонсойда даҳшатли авария бўлибди: катта тезликдаги “Жигули” бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги 7-синф ўқувчисини мажақлаб босиб кетган. Бола қочишга уринган, аммо “Жигули” айнан бола қочаётган томонга босиб борган. Энг даҳшати шуки, “Жигули”нинг рулида ҳам 14 ёшли бола бўлган.
Тўғри, ажалдан қочиб қутулиб бўлмайди. Лекин, билмадим, айнан шу вазиятда ва шу каби бошқа ҳолатларда бундай хулосага кўнолмайман. Тинч замонда йўл четида мактабдан уйига (ёки уйидан мактабга) тинчгина кетаётган шу марҳум болакай ўрнида ҳар биримизнинг фарзандимиз, укамиз, жиянимиз бўлиши мумкинлигини ўйлаганим сари, қоним баттар қайнайди. Тинч замон, лекин кўчада юриш, йўлни кесиб ўтиш қўрқинчли – хавф қаердан келишини билмайсан. Замон тинч, лекин хотиржамлик йўқ қандайдир. Нега бундай?
Кўчаларимиз бўйлаб катта тезликда ва бетартиб ҳаракатланаётган ҳамда бу “қаҳрамонлиги”ни мақтаниш, кўз-кўз қилиш учун ўз қўли билан ижтимоий тармоқларга жойлаштираётганларнинг видеолари кунда-кунора тарқаляпти. Бундай видеолар камаймаяпти, “қаҳрамонлик” даражаси эса ошгандан-ошмоқда: бир-икки йил олдин соатига 200 километр тезликда юрганларнинг видеосини кўриб “во!” деган оломон, энди соатига 310 километрлик тезликдан ҳам ҳайрон қолмаяпти. Энг ёмони, кимдир энди бу “рекорд”ни уриш пайида, тез орада видеоисботи ҳам чиқса керак. Азартга берилган бу одамларни ҳеч нарса тўхтата олмаяпти – на жамоатчилик назорати, на “штраф”лар. На уялиш, на қўрқиш ҳисси бор. Нега шундай?
Жавобни ўзим учун тахминан биламан: қоидабузарлик учун, қилмиш учун жазо муқаррар эмас. Жазо ҳатто оддий Э-жарима тизими бўйича ҳам муқаррар эмас: аслида оғирроқ қоидабузарлик юз берган бўлса-да, тизим масъуллари қоидабузар ҳайдовчига енгилроқ жазо қўллаётгани ҳақидаги хабарларни ҳам кунда-кунора кўриш одат тусига кириб қолди.
Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари фавқулодда кўпаяётгани йўқ, қурбонлар сони ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин – 10-20 йил аввал қандай бўлган бўлса, вазият ҳозир тахминан шундай. Фақат ЙТҲлар, уларнинг оқибатлари ҳақидаги хабарлар кўпайган. ЙТҲлар ҳам, уларнинг қурбонлари сони ҳам сезиларли кўпаймаётгани, бу қанчалик ғалати эшитилмасин, яхши, лекин муаммо шундаки, уларнинг сони камаймаяпти.
Камаймайди ҳам. Ашаддий қоидабузар ҳайдовчи таниш-билишлари орқали нисбатан ёки мутлақо осон қутулиб кетишини билса, бунга ишончи комил бўлса, ЙПХ ходимларининг кучи Матиз минган киракашдан бошқасига етмайдиган бўлса, Малибу минган каттаконни қоидабузарлиги учун билмасдан тўхтатиб қўйган ЙПХ ходимига унинг бошлиғи: “Оқ йўл тилаб, қўйвор”, деб топшириқ бериб турса, албатта, йўлларимизда болалар ўлаверади.
Тўғриси, Олмалиқдаги ўша воқеа ҳозир эсимга тушиб, яна жиғибийрон бўляпман – бирор нормал одам бунақа шармандагарчиликдан сўнг ошкора узр сўраб, истеъфо бериб, қочиб кетган бўларди, бизда бўлса шу ишга алоқадор ҳамма ҳеч нарса бўлмагандек ишлаб юрибди – қандай ҳам яхши ўзгариш бўлиши мумкин бу аҳволда?
Ўйлаганинг сари қўрқаверасан. Сен қўрқаверасан. Лекин ҳали пойга полигони қуриб битказилмаган чалапойгачилар ҳеч нарсадан қўрқмайди. Ваҳоланки, уларни қўрқишга мажбур қилиш, менинг назаримда, жуда осон: аямай жарима сол, оғирлаштирувчи ҳолат бўлса, “права”дан маҳрум қил ва маҳалладан 90 та справка олиб келса ҳам ҳеч қанақа енгиллик берма, таниш-билишчиликка ҳам ўрин қолдирма.
Тўғри, айтишга осон. Айниқса, таниш-билишчиликка ўрин қолдирмаслик ҳақидаги жойи. Лекин барибир нимадир қилиш керак. ЙПХ ходимлари билан ғазабли суҳбатларда “ер думалоқ”лигини эслатиш одати бор. Худди шундай – агар бугун жазо муқаррарлиги таъминланмаса, “ер думалоқ” – эртага жазо муқаррарлигини таъминламаганлар ёки уларнинг яқинлари аянчли ЙТҲларнинг иштирокчиларига айланади.
Эҳтимол, аллақачон шундай бўлаётгандир ҳам. Балки ҳар доим шундай бўлгандир. Эҳ...” – дея ёзади Муҳрим Аъзамхўжаев.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
07:30 / 05.11.2024