Еврокомиссия раҳбари Россия нефтига эмбарго қўйиш хавфли эканини билдирди
Агар Россия ўз нефтини Европа иттифоқига сота олмаса, уни жаҳон бозорига йўналтириши ва нархларнинг кўтарилиши туфайли катта маблағларни қўлга киритиши мумкин, дея огоҳлантирди Урсула фон дер Ляйен.
Европа иттифоқининг Россия нефтини сотиб олишдан тўлиқ ва зудлик билан воз кечиши Москвага фойда келтириши мумкин, деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 23 май, душанба куни Американинг MSNBC телеканалига берган интервьюсида. Бу ҳолатда Россия Европада сота олмаган нефть ҳажмини жаҳон бозорига олиб чиқиб, у ерда нархлар кўтарилишидан катта пул олиши мумкин бўлади, дея огоҳлантирди сиёсатчи.
Россиядан нефть етказиб беришга эмбарго қўйиш масаласида Европа стратегик ўйлаб кўриши ва Европа иқтисодиётига зарар етказмаслик учун мувозанатни сақлаши керак, деди фон дер Ляйен. Шу билан бирга, у иқтисодий санкциялар Брюсселнинг «Путин агрессиясига қарши энг кучли дастаги» эканлигини таъкидлади.
Еврокомиссия раисининг сўзларига кўра, келажакда Европа Россиянинг қазиб олинадиган энергия ташувчиларидан бутунлай воз кечади ва «ҳеч қачон уларга қайтмайди».
Европа иқтисодиёти нуқтайи назаридан Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракати энг жиддий оқибатларидан бири Европа иттифоқини қайта тикланадиган, тоза энергия манбаларига ўтишни тезлаштиришга «туртки бергани» бўлди. Урсула фон дер Ляйен сўзларига кўра, Европанинг Россия энергия таъминотига қарамлигини янада камайтирадиган бошқа омиллар орасида АҚШдан суюлтирилган газ сотиб олиш бўйича шартномалар, шунингдек энергияни тежаш бор.
Шу куни, 23 майда Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек ZDF жамоат ва юридик телеканали эфирида Европа иттифоқи яқин кунлар ичида Россиядан нефть сотиб олишга эмбарго қўйиш бўйича муросага келиши мумкинлигини маълум қилди.
Мавзуга оид
15:09 / 09.11.2024
ЕК раҳбари Трампга РФ газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
12:37 / 27.10.2024
Нефт – дунё қироллари учун энди тож эмасми?
21:54 / 23.10.2024