Жаҳон | 23:30 / 25.05.2022
12261
2 дақиқада ўқилади

Туркия яна бир бор талаблари бажарилмагунича Швеция ва Финландия НАТОга кира олмаслигини билдирди

25 май куни Анқарада Туркия, Швеция ва Финландия делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: AP

Туркиянинг талаблари қондирилмагунича Финландия ва Швециянинг НАТОга кириши тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкинмас, деди Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин. 

25 май куни Анқарада Туркия, Швеция ва Финландия делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

«Туркиянинг хавотирлари аниқ ҳаракатлар воситасида ва маълум муддат ичида ечим топмайдиган бўлса, жараён [Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши] олдинга силжимаслигини очиқ-ойдин англатдик», — деди Қалин.

Швеция ва Финландия 18 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Аризани дастлаб НАТО кенгаши кўриб чиқади, сўнгра келишувни алянсга аъзо 30 давлатнинг барчаси ратификация қилиши лозим.

Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга қабул қилинишига қарши чиқди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, бу мамлакатлар Анқара террорчи деб эълон қилган ташкилотлар аъзоларига бошпана берган ҳамда Туркияга қарши санкциялар киритган.

Аввалроқ Туркия ҳукумати Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлишига қаршилик кўрсатмаслик учун ўз талаблари акс этган рўйхатни тузгани ҳақида хабар қилинганди.

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Туркиянинг талаблари қаторида Швеция ва Финландия Курдистон ишчилар партияси ва у билан алоқадор тузилмаларни террорчилик ташкилотлари сифатида тан олиши кераклиги кўрсатилган.

Шунингдек, агентлик суҳбатдошлари маълумотига кўра, Туркия F-16 қирувчи самолётларининг янги партиясини олишни ҳамда ўз армияси ихтиёридаги шу каби самолётлар модернизация қилиб берилишини истамоқда.

Бундан ташқари, Туркия ҳукумати мамлакат яна F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш дастурига қайтарилишини кутмоқда, мамлакат 2019 йилда Россиядан С-400 зенит-ракета тизимларини олганидан кейин бу дастурдан чиқарилганди. Анқарадагилар бу келишув туфайли қўлланган бошқа чеклов чоралари ҳам бекор қилинишига эришмоқчи.

Мавзуга оид