Охирги «Олтин тўп» топшириш маросими ўтказилганидан буён уни олиш мезонлари ўзгарди: энди футболдаги энг нуфузли индивидуал соврин календар йили якунларига кўра эмас, балки мавсум якунларига кўра топширилади. France Football нашри бу йилги соврин учун даъвогар футболчилар рўйхатини 12 август куни эълон қилади. Совринни топшириш маросими эса Қатардаги мундиал бошланишидан олдин, 17 октябрь куни ўтказилади. 

Шубҳасиз, асосий фаворит Карим Бензема, аммо француз ҳужумчисидан бошқа муносиб футболчилар ҳам бир талай.

10. Кристофер Нкунку, 24 ёш

Кристофер Нкунку. Фото AFP

Нкунку «Лейпциг» учун энг яхши мавсумини ўтказди. Бундеслиганинг 34 ўйинида ушбу француз футболчиси 20 гол урган ва 13 голли узатма муаллифи бўлган, Чемпионлар лигасида эса — етти гол ва бир ассист. Унинг Германия Кубоги финалида «Фрайбург» дарвозасига урган жавоб голи ўйинни овертаймга олиб ўтди ҳамда лейпцигликлар якунда пенальтилар сериясида ғолиб чиқишди. Ҳавбекнинг ақл бовар қилмас парвози мураббийларнинг қунт билан ишлаши ( «Лейпциг»да сўнгги вақтларда бир неча бор мураббий алмашди) самарасидир. Юлиан Нагелсманн даврида Нкунку универсал футболчига айланди: яримҳимоя ва ҳужумда турли позицияларда ўйнашни ўрганди — «ўнлик» ҳам, «саккизлик» ҳам ва вингер бўлиб ҳам.

Жесси Марш бошқаруви даврида шериклари билан уйғунликда ҳаракатланиш ва вазиятлар яратиш борасида маҳоратини оширди, шунингдек физик жиҳатдан камол топди — бу ўсиш яккакурашларда, айниқса иккинчи қаватдаги ҳаракатларда яққол кўринади. Доменико Тедеско келгач француз марказий форвард позициясига мустаҳкам ўрнашди: Нкунку ҳужумларни якунлаш бобида кучайди, жарима майдони ичида ўткир ҳаракатлар қила бошлади ва ниҳоят майдоннинг учинчи қисмида ўз дриблингларидан фойдалан бошлади. Ҳозирданоқ ушбу ҳавбек учун топ-клублардан иборат узун навбат ҳосил бўлгани ажабланарли эмас. Fichajes маълумотига кўра, Нкунку учун курашда «Интер», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Милан» клублари қатнашмоқда.

9. Эдуар Менди, 30 ёш

Эдуар Менди. Фото AFP

«Челси» қаторасига бир неча мавсум давомида дарвозада Кепа Аррисабалагининг ишончсиз ўйинидан азият чекди. Испаниялик дарвозабонга катта умидлар боғланганди, унинг трансфери учун улкан маблағ (80 миллион евро — дарвозабон учун тўланган рекорд сумма) сарфланганди. Аммо кучли босим туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолган Кепа ундан чиқа олмади.