Қайсидир маънода ташкилотчилар ниятига етишди – футбол майдонида содир бўлмаган ҳодисалар футболда муҳим воқеликка айланмоқда. Бу бир тарафдан яхши, албатта, йил бўйи тер тўккан футболчиларнинг ҳам шу тарздаги celebrity онлари бўлиши керакдек, аммо бошқа томондан, УЕФА Винисиусни мем қилиб тақдим этиши, «Реал» клубининг эса аразлаб тадбирга келмаслиги жуда хунук – тадбир савиясини туширади.

Шундай бўлса-да, қарийб 70 йиллик тарихга эга бўлган совринда қайд этилган номлар муҳим. Бу футбол тарихининг муҳим парчаси ўлароқ ёзилади ва ҳеч қачон ўчмайди. Шу жиҳатдан олсак, турли саволларга жавоб излаш мантиқли. Ўзи «Олтин тўп» ғолиби қандай аниқланади ва қай даражада адолатли? Мухлислар нега норози ва улар нима дейишяпти?

Натижа адолатсизми?

Натижа адолатсиз бўлгани, Родрини кимлардир танимаслиги ҳақидаги иддаолар энг кулгили, зеро «Франс футбол» қандайдир ҳисоб китоблар билан ғолибларни эълон қилмайди ёки «Оскар» совринига ўхшаш ҳайъат аъзолари ҳам йўқки, танловнинг мантиғи ҳақида фикр юритилсин. Айнан нималарга эътибор қаратиш, овоз бериш сиёсати, қайсидир футболчининг ёки позициянинг устунлиги ҳақида тавсияномалар бермайдики, бу овоз берувчиларга босим бўлсин. Биргина тавсия, футболчиларнинг айнан 2024 календар йилида эмас, 2023/24 йиллар футбол мавсумидаги иштирокига баҳо бериш сўралади (Дарвоқе, мана шу тайминг ҳам қайсидир маънода мухлислар кайфиятига, вазиятни баҳолашга ёки қабул қилишга халақит бериши турган гап. Ўтган сафар Мессининг ғолиблиги ҳам қандайдир шубҳали кутиб олинган, чунки аргентиналик футболчининг жаҳон чемпионатидаги ғалабаси 2022 йил охирида содир бўлганди, овоз бериш ва ғолибларни эълон қилиш пайтида эса, Месси аллақачон «фаолиятини тугатган», «Манчестер Сити» требл қилиб, Ҳоланд ва Родри лойиқроқ экани ҳақида фикрлар кўпайганди. Бу сафар ҳам қисман таъсир қилди – атиги уч ой олдин кўпчилик Родрининг Испания миллий жамоасидаги ўйинларидан сўнг бемалол «Олтин тўп»ни унга бемалол топшираётганди, футболчи жароҳат олиши, айни пайтда футбол ўйнамаётгани ўша кайфият унутилишига сабаб бўлди. Менимча, 2023/24 йиллар мавсуми якуни бўйича топшириладиган соврин ўша мавсум тугашидан бироз ўтиб топширилиши мақсадга мувофиқ).

Хуллас, «Олтин тўп» соҳиби қандай аниқланади?

Жорий мавсумдаги кўрсатган ўйини, жамоаси билан эришган ютуқларидан келиб чиқиб, нашр номзодларнинг 30 талик рўйхатини тақдим этади. Ушбу номзодлар ичидан ҳар бир овоз берувчи ўз ўнлигини тақдим этади ва ўнликдаги ўрнига қараб 15, 12, 10, 8, 7, 5, 4, 3, 2 ва 1 балл берилади. Барча овозлар йиғилиб, баллар жамланади ва ғолиб аниқланади.