27 октябр куни Ла Лигада навбатдаги класико ўтказилди. Мадридда ўтган баҳсда Ҳанс-Дитер Флик бошчилигидаги «Барселона» «Реал»ни ҳақли тарзда, йирик ҳисобда мағлуб этди. Бир неча кун аввал собиқ жамоаси «Бавария»дан «Барса»нинг аламли мағлубияти учун қасос олиб берган Флик қасослар масаласидаги қарз дафтарини кўтарасига ҳисоб-китоб қилишни истаган кўринади «Реал»дан ҳам охирги йиллардаги мағлубиятлар учун реванш олди. Аммо Мадрид клуби учун бу ҳали ҳаммаси эмасди.
Мбаппе офсайдда
Класико куни «Барселона» ҳар жабҳада Мадридга имкон бермади. Айниқса Кубарси исмли болакай бошчилик мудофаачилар «Реал»нинг тилларда достон ҳужумчиларини мот қилишди. Бутун ўйин давомида «Реал» ҳужумчилари Винисиус, Мбаппе ва бошқалар нақ 12 марта ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолишди. Деярли барча офсайдлар «Барса»чилар томонидан сунъий тарзда юзага келтирилди. Ҳар сафар Мбаппега тўп ташланганда, ҳимоячилар синхрон тарзда олдинга ўтишди ва франсуз офсайдга тушиб қолаверди.
Футболни тушунадиганлар бу катта риск эканини билишади, чунки ҳимоячи бир см хато қилса бас – ҳужумчи дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетиши мумкин. Бир нечта вазиятда шундай бўлди ҳам, аммо ўша вазиятларда дарвозабон Пеня дуелларда ютқазмади. Тармоқда «Реал» футболчилари офсайдда қолиб кетаётгани роса муҳокама қилинди. Турли хил мемлар, карикатуралар чизилди.
Энди бутун «Реал» офсайдда
Класико куни Мбаппе офсайдда қолавериб, реалчиларни жиғибийрон қилган бўлса, икки кун ўтиб бутун «Реал» «ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди». Класикодан икки кун ўтиб Парижда «Олтин тўп» маросими ўтказилди. Класико куни Гави билан жанжаллашган Винисиус унга 4 та голни бармоқлари билан иддао қилган ёш рақибига «зато душанба куни «Олтин тўп» олишга боришини» айтиб мақтанганди. Бироқ мукофот топшириладиган кун кутилмаганда «Олтин тўп» топширадиган France Football журналидан аразлаган «Реал» вакиллари Парижга бормаслиги ҳақида хабар тарқалди.
Бу хабар Фабрисио Романо томонидан ёзилгач, футбол мухлислари нималар бўлаётганини тушунишди: Винисус «Олтин тўп»ни олмайди! Шундай бўлди ҳам. Охирги йилларда таянч яримҳимоячиси футбол учун қанчалик муҳим фигура эканини кўрсатган «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родри «Олтин тўп»га муносиб деб топилди.
Родри бир мавсум аввал Чемпионлар Лигаси финалида ҳал қилувчи голни урганди, бу йил эса 4 йилликнинг энг муҳим мусобақаси Европа чемпионатида мусобақанинг энг зўр футболчиси бўлди. Унинг рақиби Винисиус Жуниор эса Чемпионлар Лигаси ва Ла Лигада жуда зўр мавсумни ўтказганига қарамай мукофотга лойиқ кўрилмади. Балки бунга Винисиус Бразилия билан Копа Америкада ҳеч нарса қилолмагани, умуман, миллий жамоа сафида ёрқин ўйин кўрсатмаётгани сабаб бўлгандир.






