Иқтисодиёт | 11:59 / 30.05.2022
31367
3 дақиқада ўқилади

Давлат фермерлар етиштирган ғаллани бозор нархида сотиб олади

1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади. Давлат ресурсларига қабул қилинган буғдой учун дастлабки босқичда буғдой етиштирувчи хўжаликларга маҳсулотнинг ҳар бир тоннаси учун ўртача 3 млн сўмдан тўлаб берилади ва июль-август ойларида шаклланган биржадаги буғдой нархларидан келиб чиқиб, ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.

Фото: Kun.uz

Коронавирус пандемияси сабабли ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 2020 йил 16 апрелдан, ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилганди. Аммо бу тартиб қуйидаги бир қанча омиллар сабаб кутилган натижани бермаган:

  • ички бозорни арзон ун ва нон билан таъминлаш мақсадида буғдой харид нархларини давлат томонидан белгилаш бозор тамойилларига мос эмас ва бу буғдой етиштирувчи хўжаликларнинг буғдой етиштиришдан зарар кўришларига олиб келди;
  • давлат ресурсларига олинган буғдойдан ишлаб чиқарилган ун ички бозорни тўлиқ таъминлаб бермаслиги сабабли импорт ун ва маҳаллий ун нархлари ўртасидаги катта фарқ маҳаллий унни етказиб бериш занжирида коррупцион муҳит шаклланишига сабаб бўлди;
  • арзон ун маҳсулотидан ишлаб чиқарилган қолипли нонни чорва молларини боқишга ишлатиш ҳолатлари мавжуд;
  • энг муҳими, давлат ресурсларига олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулоти арзон нархларда аҳолига тўлиқ етиб бормаяпти ва бу аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлган.

Хабар берилишича, 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан

1 783 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида;

266,5 минг тонна буғдой уруғлик сифатида харид қилинади.

Давлат ресурсларига қабул қилинган буғдой учун дастлабки босқичда буғдой етиштирувчи хўжаликларга буғдойнинг тоннасига ўртача 3 млн сўмдан тўлаб берилади ва июль-август ойларида шаклланган биржадаги буғдой нархларидан келиб чиқиб, ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Мисол учун июль-август ойларида буғдойнинг ўртача биржа нархи тоннасига 3,7 млн сўм бўладиган бўлса, буғдой етиштирувчиларга яна тоннасига 700 минг сўмдан тўлаб берилади.

Бундан ташқари, 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан июль, август ва сентябрь ойларида биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади. Бу буғдойни фермерлар биржада ўзи сотади ва тўлиқ бозор нархида буғдой пулини олади. 500 минг тоннанинг дон корхоналарига ташиш ва сақлаш харажатлари давлат томонидан қопланади.

Ғалла етиштирувчилар томонидан биржада сотиладиган 500 минг тонна буғдой ва давлат ресурсларига харид қилинган буғдой биржа савдоларида мулкчилик шаклидан қатъи назар, харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги ун маҳсулотини сотиш мажбуриятини олган барча ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотилади.

Бундан ташқари ун ишлаб чиқаришга мос келмаган 4 ва 5 синф буғдой биржа савдоларида ҳеч қандай чекловларсиз барча истеъмолчиларга сотилади. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид