Жаҳон | 08:26 / 30.05.2022
15161
4 дақиқада ўқилади

ЕИ яна бир бор Россияга қарши нефть эмбаргоси бўйича келишиб олишга ҳаракат қилади 

Европа иттифоқи саммити олдидан дипломатлар Россия нефтига эмбарго қўйиш бўйича келишувга эришиш уринишидан воз кечмаяпти. Брюсселга кўра, Европа иттифоқига аъзо барча давлатлар Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини қабул қилмоқчи.

Фото: Picture Alliance

Европа иттифоқининг 27 давлати доимий вакиллари қўмитаси 30 май, душанба куни эрталаб Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини ишга солиш учун РФга қарши нефть эмбаргоси бўйича муросага келишга уриниб кўради. Бу 30 майнинг иккинчи ярмида бошланадиган ва икки кун давом этадиган ЕИ саммити олдидан сўнгги шундай уриниш бўлади. Доимий вакилларнинг 29 май, якшанба куни тушдан кейин бўлиб ўтган йиғилишида Европа иттифоқига аъзо 27 давлатнинг барчасини қониқтирадиган нефть эмбаргоси масаласига ечим топишнинг иложи бўлмади. Бу ҳақда DW’нинг Европа иттифоқидаги иккита манбаси маълум қилди.

«Санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича муросага эришилгунга қадар ишда давом этиш ва таслим бўлмаслик муҳим. Европа кенгашига (Европа иттифоқи саммитининг расмий номи – таҳ.) ҳали оз вақт бор. Бу ишлаши ёки ишламаслиги мумкин. Лекин биз ҳаракат қилишимиз керак», деди Европа иттифоқининг юқори мартабали расмийси.

DW суҳбатдошининг тушунтиришича, нефть эмбаргоси бўйича келишувга эришиш қийин, чунки Европа иттифоқининг баъзи давлатлари Россия нефтига бошқаларга қараганда кўпроқ қарам.

«Олтинчи санкциялар пакети билан боғлиқ вазият шундайки, биз барча масалалар бўйича ҳамфикрмиз, техник жиҳатдан жуда қийин бўлган бир масала бундан мустасно – бу нефть. Асосий масала ҳамон Европа иттифоқининг бир нечта давлатларига тегишли, шулардан бири – Венгрия», деди Европа иттифоқига аъзо давлатлардан бирининг юқори мартабали дипломати. Венгриядан ташқари Россия нефтига қарам давлатлар қаторига Чехия, Словакия, Болгария ва Хорватия киради, дея айтиб ўтди у. 

«Бу ерда ҳеч қандай сиёсий масалалар йўқ, чунки барча, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам ушбу пакетни имкон қадар тезроқ қабул қилиш кераклигига рози», — деди DW манбаси. Дипломатнинг сўзларига кўра, у ЕИ давлатларининг доимий вакиллари душанба куни муросага келадими ёки йўқми, буни билмайди, бироқ Европа иттифоқи давлатлари нефть эмбаргоси масаласида «маррага яқин масофада» эканига ишончи комил.

Ҳозир Европа иттифоқи давлатлари Россия нефтини танкерлар орқали етказиб беришга эмбарго қўйиш ва уни қувур орқали етказиб беришни тақиқлашни кечиктиришни кўпроқ муҳокама қилмоқда. Европа иттифоқининг ички бозори бирлаштирилганлиги сабабли, бу ЕИ турли давлатларидан компаниялар учун тенг бўлмаган ўйин қоидаларини яратади. Минимал бозор қоидалари бузилишлари билан эмбаргони қисман таъминлаш масаласи ЕИда техник жиҳатдан жуда қийин деб аталяпти. Саммитларда эса одатда техник масалалар ҳал этилмайди. Агар юқори даражадаги учрашувгача келишувга эришилмаса ва ЕИ давлатлари раҳбарлари умумий муросага кела олса, саммитдан кейин бир неча кун ичида қўшимча жиҳатлар келишиб олиниши мумкин. 

Душанба кунги ЕИ саммитининг биринчи қисми Украинага бағишланади. Хусусан, президент Володимир Зеленский Европа иттифоқи етакчиларига видео-алоқа орқали мурожаат қилади. ЕИ давлатлари етакчилари муҳокама қиладиган масалалар қаторида Украинани қўллаб-қувватлаш, жумладан, Еврокомиссиянинг ушбу мамлакатга яна бир макромолиявий ёрдам пакетини – 2022 йилда 9 миллиард еврогача бўлган миқдорда маблағ ажратиш, ҳарбий ва сиёсий кўмак бериш, шунингдек, Россия активларини мусодара қилиш масалалари бор. Энергетика, мудофаа, озиқ-овқат хавфсизлиги каби муҳим масалалар ҳам кун тартибида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид