20:28 / 02.06.2022
19710

Пеле Путинга мурожаат қилиб, урушни тўхтатишга чақирди

Фото: Hepta.ro

Бразилиялик футбол афсонаси Пеле Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, урушни тўхтатишга чақирди. «Футбол қироли» ўз мурожаатини Instagram'даги саҳифасида эълон қилди.

Пеле таъсирли мурожаатини ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Шотландия ҳамда Украина миллий жамоалари иштирокидаги ўйиндан аввал эълон қилди.

«Бир неча дақиқадан кейин Украина мамлакатда бошланган можародан кейин илк марта расмий ўйинда майдонга тушади. Бу хатни ўзим ёздим. Умид қиламан, зўравонликка чек қўйилиб, биргаликда дунёни яхшироқ қилишни уддалаймиз», деб ёзди Пеле ўз саҳифасида ва унга ёзган хатининг суратини илова қилди.

«Владимир Путин,

Бугун Украина ҳеч бўлмаса 90 дақиқага мамлакатда ҳамон давом этаётган фожиани унутишга ҳаракат қилади. Жаҳон чемпионатига чиқиш шундоғам мураккаб вазифа. Бунчалик кўп одамларнинг ҳаёти хавф остида бўлиб турганда эса бу деярли имконсиз бўлиб қолади.

Бу ўйиндан фойдаланиб шуни айтмоқчиман: бу босқинни тўхтатинг. Ёвуз можарони ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдики, у дард, қўрқув, даҳшат ва азобдан бошқа ҳеч нима келтирмайди. Сиз билан кўришганимизда қачондир бугунги ҳолатда бўлишимизни тасаввур қилмагандим.

Уруш фақат миллатларни айиришга хизмат қилади. Болаларнинг орзулари кўмилаётган, оилалар бузилаётган, бегуноҳлар ўлдирилаётган бир вақтда дунёда ҳеч қандай ғоя йўқки уни оқлаб бўлса. Мен 80 йил яшадим, урушларни кўрдим, етакчиларнинг ўз миллати хавфсизлиги учун айтган нафратга тўлган нутқларини эшитдим. Биз буни тўхтатишимиз керак.

Бир неча йил аввал ўз овозимни фақат тинчлик учун ишлатаман деб ўзимга сўз бергандим. Бу можарони тўхтатадиган куч сизнинг қўлингизда. Ҳа, мен 2017 йил Москвадаги учрашувда сиқиб кўришганим ўша қўлларда...», деб мурожаатини якунлаган Пеле.

Украина ЖЧ-2022 саралаши доирасида Шотландияни мағлуб этиб, саралашнинг ҳал қилувчи ўйинига йўл олди. ЖЧга чиқиш учун Украина Уэлсга қарши ўйнайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top