Жаҳон | 09:40 / 03.06.2022
14192
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва Беларуснинг 71 компаниясига нисбатан савдо санкцияларини жорий қилди 

АҚШ санкциялари Россия мудофаа секторини Қўшма Штатлар ҳарбий технологияларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум этишга қаратилган, деб таъкидлади Оқ уй матбуот хизмати.

Фото: NDTV

Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари фонида 2 июнь, пайшанба куни АҚШ Савдо вазирлиги 70 дан ортиқ Россия ва Беларус корхоналарини, жумладан, авиация, кемасозлик заводлари ва илмий-тадқиқот институтларини санкциялар рўйхатига киритди.

Ҳаммаси бўлиб 71 та корхона, жумладан, «Илюшин номидаги авиация мажмуаси», «Яковлев номидаги тажриба конструкторлик бюроси», «Рубин» денгиз техникаси марказий конструкторлик бюроси, «Малахит» кемасозлик бюроси, «Алмаз» денгиз конструкторлик бюроси, «Газпром нефть шельф» компанияси, Россия Мудофаа вазирлигининг Чуқур денгизни тадқиқ қилиш бош бошқармаси ва Россия Фанлар академиясининг бир қатор тузилмалари санкциялар остига тушди. 

Оқ уй веб-сайтида таъкидланишича, бундай чекловлар Россия мудофаа секторини АҚШ ҳарбий технологияларидан маҳрум қилиш ва «Россияни глобал молиявий яккалатиб қўйиш»га қаратилган ҳаракатлар доирасида киритилмоқда. 

Умуман олганда, 24 февралдан бери 322 корхона Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани муносабати билан АҚШ Савдо вазирлигининг санкциялар рўйхатига киритилган. 

Шу куни, 2 июнда АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар рўйхати ҳам янгиланди. Унга 17 нафар россияликнинг исми киритилди, чеклов чоралари, хусусан, Европанинг энг бой одамларидан бири деб топилган тадбиркор Год Нисановга, тадбиркор ва олим Евгений Новицкий, «Росгео» АЖ раҳбари Сергей Горков, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова, виолончелчи Сергей Ролдугин, тадбиркор Алексей Мордашов ва унинг оила аъзоларига нисбатан қўлланилди.

«Президент Путиннинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари БМТ низомида мустаҳкамлаб қўйилган суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига ҳам ҳужумдир. Украина АҚШ ва бутун дунё давлатларининг мисли кўрилмаган ёрдами билан ўз халқи ва мустақиллигини ҳимоя қилиш учун мардонавор кураш олиб бормоқда. Қўшма Штатлар Украина халқини қўллаб-қувватлашда давом этади, шу билан бирга, Россия агрессиясига ҳисса қўшганларни жавобгарликка тортишга интилади», — деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен санкциялар рўйхати тўлдирилганини изоҳлаб.

Мавзуга оид