Ўзбекистон | 08:25 / 04.06.2022
13658
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳарбий ҳадли битим ратификация қилинади

Фото: reddit

«Ўзбекистон ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси «Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонун 18-моддасига асосан, Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

2022 йил 29 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати билан Туркия ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли битим имзоланган.

Битимнинг мақсади томонлар давлатлари қонунчилигига мувофиқ тенг ҳуқуқлик принципи асосида, ҳарбий машғулот ва таълим, машқлар/машғулотлар ёки қўшма машқларда ўзаро ёки кузатувчи сифатида иштирок этиш, мудофаа саноати, ҳарбий ҳамкорлик ва қуролли кучлар ўртасида алоқа ташрифлари ва битимда кўрсатилган бошқа соҳаларда томонлар ўртасидаги муносабатлар учун асосни таъминлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Халқаро шартноманинг 20-моддасига мувофиқ, битим томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажаргани тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.

Битим беш йил муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддати, у тугатилмаса, ўз-ўзидан навбатдаги бир йиллик муддатларга узаяверади.

Қонунни амалга ошириш Ўзбекистон давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатлар қилишни талаб этмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид