Жаҳон | 21:25 / 04.06.2022
38041
5 дақиқада ўқилади

Қирғизистон парламентида Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси ва депутат ўртасида даҳанаки жанг юзага келди

Фото: Қирғизистон парламенти

2 июн куни бўлиб ўтган Қирғизистон парламенти йиғилиши шов-шувли жанжал билан ёдда қолди. Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев парламент депутати Адахан Мадумаровга таҳдид қилиб, унинг қўлини синдиришини айтди. Депутат ҳам бўш келмай Ташиевнинг манзилига камситувчи сўзлар ёғдирди.

Жанжал қаердан чиқди?

Парламент йиғилишида президентнинг топшириғи билан иштирок этаётганини айтган Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев минбардан нутқ сўзлар экан баъзи депутатлар қўмитанинг контрабандага қарши кураши ҳақида хато маълумот бераётганини айтиб, депутатлардан ишончсиз маълумотларни гапирмасликни сўради.

Ташиев хусусан мухолиф депутат Адахан Мадумаров минбардан туриб ишончсиз маълумот берганини танқид қилди. «У парламент минбаридан туриб Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари одамларнинг қонини ичмоқда, уларнинг ҳамма нарсасини олиб қўймоқда, деб гапирди. Бу асоссиз гаплар, депутат уларни ўз сиёсий қарашларидан келиб чиққан ҳолда гапирган», деди Қирғизистон ДХҚ раиси.

Қирғизистон парламентидаги ягона мухолиф партия бўлмиш «Бутун Қирғизистон» фракцияси етакчиси бўлмиш Адахан Мадумаров 25 май куни Вазирлар маҳкамаси қарори билан Боткен вилоятидаги Сулукту ва Лейлек туманлари орасида пост ўрнатилгани ҳақида гапирган. Депутатнинг айтишича, бундай постларнинг давлат топшириғи билан қўйилиши конституцияга зид.

«Дала ишлари бошланганда фермерларнинг қонини ича бошлашди», деган депутат санаган жойларига минерал ўғитлар етиб бормаётгани ҳақида гапирар экан. ДХҚ раиси эса бу маълумотни рад этди, шунингдек, пост контрабанданинг олдини олиш учун ўрнатилганини айтди.

Ташиев депутат гапиришдан тўхтамаса, кимларнинг контрабанда билан шуғулланишига ёрдам бераётганини айтишини иддао қилди. Бунга жавобан депутат факт билан гапиришни сўраб турган жойидан қўлини кўтарди. ДХҚ раиси депутатдан тинчланишни сўради. Ташиевдан кейин депутат Мадумаров минбарга чиқишни сўради, аммо бунга рухсат берилмади. Кейинчалик қуйидаги диалог бўлиб ўтди:

Мадумаров: Хўп, сўзга чиқишга рухсат бермадингиз. Қамчининг баланд овоздаги ёлғон сўзларини ҳамма эшитади, лекин Мадумаровни ҳеч ким эшитмайди, тўғрими?

Ташиев: Мен сизга бақирмадим, мен қамчи эмасман.

Мадумаров: Мен ҳали сизнинг тарбиясизлигингиз ва виждонсизлигингиз ҳақида ҳеч нима демадим. Сўзга чиқай айтаман. Афсуски, бу ерга пагонлилар келиб бақириши одатга айланди. Биз фракциянинг Лейлек туманидаги йиғилишида фуқароларнинг эътирозларини эшитдик. Губернатор ва ҳоким ҳам ўша ерда эди. Фуқаролар юзларини ниқоб билан яширмай камерага қараб бор ҳақиқатни гапиришди. Ўша одамлар контрабанда билан шуғулланади деб ўйласангиз, уларни қамашингиз керак.

Ташиев: Тилим бор деб гапиравермайди одам деган. Ҳаммаси учун жавоб берасан. Менга қўлингни ўқталма, қўлингни синдираман. Депутатлар тасдиқламагани учун қамалмай қолдинг. Мен бош прокурор бўлсам, қамалардинг, ҳали ҳам кеч эмас.

Ташиев спикердан гапиришга рухсат олиб сўзида давом этди:

Менда тезкор маълумотлар бор. Улар (Мадумаровга қараб) оммавий тартибсизлик ва давлат тўнтариши амалга оширишга тайёрланган. Сиз мамлакат ҳукуматини ҳеч қачон ўзгартира олмайсиз. Абдусаттор ва бошқа қариндошларингиз Адахан Кимсанбаевич ҳукуматга келади ва биз ҳаммасига кўрсатамиз, деб юргандир. Бу борада ҳамма маълумотларимиз бор, ишлаяпмиз. Қариндошларингизни қамасак, яна бақирасиз.

Мадумаров: Парламент меҳмонларининг микрофонлари доим ёниқ турадими ёки Ташиев алоҳида одамми?

Шу вақтда депутат ва ДХҚ раиси ўртасида чинакам даҳанаки жанжал бошланиб кетди. Орада Ташиев депутат Мадумаровга қараб «Давлат тўнтаришидан аввал ўзинг йўқ бўласан» деди таҳдидомуз оҳангда.

Бу диалогдан кейин Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бошқа депутатлар билан ҳам гап талашган.

Маълумот учун, Адахон Мадумаров 2006 – 2007 йилларда Қирғизистон давлат котиби, 2008 – 2009 йилларда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаган. Қамчибек Ташиев 2020 йил октябрдан буён Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Мавзуга оид