Жаҳон | 13:45 / 09.06.2022
27044
6 дақиқада ўқилади

Донбассда окоп қазиётган аскарлар, Харковда яна ёнғинлар. Уруш суратлари

Урушнинг 105-кунида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХРда ҳукумат истеъфога чиқарилди, янги ҳукумат таркибига россиялик амалдорлар киритилди. Европарламент Украинага ЕИга номзод мақомини бериш тавсия қилинган резолюция чиқарди. Украина қуролли кучлари Херсон областида муваффақиятли қарши ҳужумни давом эттирмоқда — маҳаллий нашрлар хабарига кўра Херсоном яқинидаги Благодатное посёлкаси қайтариб олинган.

Олий Рада спикери Руслан Стефанчук Франция шарқидаги Страсбург шаҳрида Европарламентда нутқ сўзламоқда.
AP Photo/Jean-Francois Badias

Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар

  • Украина Бош штабига кўра, Россия қўшини Богородичное районида «штурм ҳаракатлари амалга оширмоқда» - бу Шимолий Дон дарёсининг жанубий соҳилида, Россиянинг Славянск ва Краматорск томон юриши йўналишида жойлашган;
  • Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай журналистларга берган интервьюсида украин ҳарбийлари «Северодонецкнинг фақат атрофдаги ҳудудларини назорат қилаётгани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, россияликлар авиазарбалар ва артиллерия зарбалари орқали Северодонецкни ер билан битта қилишган, украин ҳарбийлари бомбардимонлар остида кўп қаватли уйларда қолишдан маъно йўқ деб ҳисоблаб, шаҳарнинг асосий қисмини тарк этган.
  • Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикасида бош вазир Александр Ананченко раҳбарлигидаги ҳукумат истеъфога чиқарилиб, Днепропетровскда туғилган, аммо Россияда савдо вазирлигида департамент директори лавозимида ишлаб келган Виталий Хоценко ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчиси бўлди.
  • Украина ва Россия ўртасида навбатдаги аскарлар жасадларини алмашув жараёни бўлиб ўтди. Запорожье областидаги фронт чизиғида алмашув «50 га 50» формуласида амалга оширилган. Украина томони хабар қилишича, қайтарилган 50 жасаддан 37 таси Мариупол ва «Азовстал» мудофаачилариникидир.
  • Украин тармоқ ритейлерлари урушнинг дастлабки икки ойидаги зарарини 50 млрд гривна (ёки 1,7 млрд доллар)га баҳолади;
  • Херсон областининг Россияга қўшилиши масаласидаги референдум шу йил ўтказилиши маълум қилинди;
  • Уруш бошидан буён Украина давлат тергов бюроси мамлакат фуқароларининг Россия билан ҳамкорлик қилиши борасида 480 та иш очган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва туркиялик ҳамкасби Мавлуд Човушўғли Анқарадаги учрашув бошланиши арафасида
Russian Foreign Ministry Press Service via AP

Қуйида 8 июн куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Николаев 

Николаев области маъмуриятининг вайрон бўлган биноси. Бинога март ойи ўрталарида ракета зарбаси берилган, ҳужум қурбонлари сони 37 кишини ташкил этганди. Шаҳарни ўққа тутиш ҳамон давом этмоқда, ишғол қилинган Херсонга яқин жойлашган Николаевда уруш бошидан буён жами 108 киши қурбон бўлган.
Edgar Su / Reuters / Scanpix / LETA
Маъмурият матбуот котиби Дмитро Плетенчук вайрон бўлган бинода.
Edgar Su / Reuters / Scanpix / LETA

Киев

Киев четидаги Горенкада уйини вайроналардан тозалаётган аёл бошини ушлаб турибди
AP Photo/Natacha Pisarenko
Киев ташқарисидаги Яснодарскда ҳужумлар вақтида вайрон бўлган уйи ҳовлисида ишлаётган аёл
AP Photo/Natacha Pisarenko
Горенкадаги ҳужумлар натижасида вайрон бўлган кўп қаватли уйдаги деразалардан биридан бош чиқариб турган аёл
AP Photo/Natacha Pisarenko
Ўз дронини синаб кўраётган киевлик. Дронлар Украина-Россия урушидаги муҳим воситалардан бирига айланди.
AP Photo/Natacha Pisarenko

Харков 

Россия ҳужумидан вайрон бўлган супермаркет ходимлари унинг ичидан маҳсулотларни олиб чиқишмоқда. 8 июн куни Харков яна бир бор россияликлар томонидан ўққа тутилди. ОАВ хабарига кўра, кафе, мактаб кутубхонаси ва озиқ-овқат дўкони ҳужумдан жабрланган. Икки киши ҳалок бўлган.
Ivan Alvarado / Reuters / Scanpix / LETA
Харковда ўт ўчирувчи ракета зарбасидан кейин ёниб кетган бинода ишламоқда.
Ivan Alvarado / Reuters / Scanpix / LETA

Донбасс шимоли 

Украин ҳарбийлари асосий ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланган Донецк областидаги фронт чизиғи яқинида окоп қазимоқда.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий Украина армиясининг Новолуганское яқинидаги позицияси бўйлаб ҳаракатланмоқда. Май ойи охирида Россия ҳарбийлари ва ДХР кучлари ушбу посёлкани штурм қилишга киришганди. Фото: EPA / Scanpix / LETA
Бахмут шаҳри яқинидаги мактабга ҳужумдан кейин атрофда сочилиб ётган дарсликлар. Шаҳар Украина армияси учун стратегик аҳамиятга эга, бу Украина қуролли кучларининг Донбассдаги асосий гуруҳининг асосий логистик маркази ҳисобланади. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Украина ҳарбий хизматчилари Донецк областидаги фронт чизиғи яқинида окоп қазиш ишларидан кейин дам олмоқда
AP Photo/Bernat Armangue
Донецк областидаги фронт чизиғи яқинидаги окопда сақланаётган ўқ-дорилар
AP Photo/Bernat Armangue
Окоп қазиш ишларидан кейин дам олаётган украиналик ҳарбий.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари Изюмдаги фронт чизиғида. Россия армияси Изюм плацдармидан Донбассдаги украинларнинг энг йирик гуруҳини қуршаб олиш учун юриш амалга ошириши кутилганди. Аммо Украина армияси плацдармга қўшимча кучлар жўнатди ва россияликлар юриши тўхтатилди.
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA
Соледарлик киши бомбапанагоҳда егулик тайёрламоқда. Бир неча кун олдин Украина қуролли кучларининг Соледардаги позициясига президент Володимир Зеленский ташриф буюрганди. Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

 

Мавзуга оид