Муфтий Нуриддин Холиқназаров Мисрдаги ватандошлар билан учрашди
Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўтказилаётган халқаро анжуманда қатнашаётган муфтий Нуриддин Холиқназаров бугун 9 июн куни бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташкилотчилигида ўтказилган учрашувда муфтий ватандошлар қаршисида нутқ сўзлаб, уларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берган.
Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлар идораси хорижда яшаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш шунингдек, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатлари, эътиқодларини ҳимоялаш борасида жуда катта ишлар қилинаётганини таъкидлаб ўтган.
Жумладан:
- ўтган Рамазон ойида 12 нафар ўзбекистонлик уламо АҚШдаги ватандошлар билан муборак ибодатларни бирга адо этиш баробарида маънавий-маърифий суҳбатлар орқали уларнинг руҳий оламини бойитишгани;
- Европа, Россия, МДҲ ва қўшни давлатлардаги ватандошлар билан ўзбекистонлик имом-домлалар доимий учрашувлар ташкил этиб келинаётгани
- Мисрда ўтказилаётган халқаро анжуманда эътироф этилган, Сурия ва Афғонистондаги уруш ўчоқларидан 500 дан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилиши;
- Украинадаги қалтис воқеалардан сўнг 6 мингдан зиёд Ўзбекситон фуқароларининг ватанга қайтарилгани ва уларнинг ишлашлари ҳамда ўқишни давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар берилганини айтиб ўтган.
Муфтий, Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасида жуда катта хайрли ишлар бўлаётгани, хусусан мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини тўла қондиришга катта саъй-ҳаракат қилинаётганини айтиб, Мисрда таҳсил олаётган аҳли илмлар юртимизда фаолият олиб бораётган Қуръони карим ва тажвид курсларига керак бўлишини таъкидлаган.
Нуриддин Холиқназаров ўзга юртда яшаш, ишлаш ва ўқиш осон эмаслигини таъкидлаб, ватандошларга ўзлари яшаб турган давлат қонунлари ва тартибларига жиддий риоя қилиш лозимлигини, акс ҳолда турли ташвишли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини айтган.
Шунингдек, ватандошлар мусофир юртларда туғилиб ўсаётган фарзандларини ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялашлари лозимлигини уқтирган.
Сўзининг якунида, муфтий Ҳақ таолодан, барча ватандошларга, иш ёки ўқиш билан Мисрда юрганларга сиҳат-саломатлик, омад ва муваффақиятлар тилаб, хайрли дуолар қилган.
Бундан ташқари, бугун, 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида муфтий Нуриддин Холиқназаров Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказган.. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этган.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
10:00 / 31.10.2024