16:20 / 09.06.2022
2316

Қорақалпоғистонда она ўз болаларини калтаклаб, хўрлагани ортидан бир неча ИИБ ходимларига жазо қўлланилиб, баъзилари ишдан олинган

Фото: Жўқарғи Кенгес

Қорақалпоғистон ички ишлар вазири Жўқарғи Кенгес сессиясида 2021 йилда Қорақалпоғистондаги жиноятчилик ҳолати ҳақида маълумот берди. Аманбай Ўринбаев баёнотини якунлагач, Хўжайли тумани 37-сонли "Суенли" сайлов округидан Жўқарғи Кенгесга сайланган депутат Табассумхон Рўзметова Хўжайли туманида аёл ёш болаларини калтаклаб, хўрлагани воқеаси юзасидан вазирга савол берди.

Вазир Аманбай Ўринбаевнинг маълум қилишича, ҳолат юз бергач, ИИВнинг энг тажрибали ходимларидан таркиб топган махсус гуруҳ ташкил қилиниб, хизмат текшируви ўтказилган.

Аниқланишича, Тўрткўл тумани Нодирабегим кўчасида ҳисобда туриб, вақтинча Хўжайли тумани Янги ҳаёт кўчаси 62-уйда яшовчи фуқаро Аминов Алишер рафиқаси Хўжаметова Феруза билан 2015 йил апрел ойида Нукус шаҳрида давлат ташкилотида ишлаб юрган вақтида танишган. 2016 йил апрел ойидан бошлаб, Алишер Аминов ва Феруза Хўжаметова расмий никоҳсиз бирга яшай бошлаган. 2016 йил июн ойида Алишер Аминов ишдан бўшаб, Феруза Хўжаметова билан бирга Қозоғистонга ишлаш учун кетган. Олмота шаҳрида икки ярим ой бирга ишлашгач, Россияга яна ишлаш учун кетишган.

Феруза Хўжаметова 2016 йил декабр ойида Россиядан Хўжайли туманига, ота-онасининг ёнига қайтган. 2017 йил апрел ойида қиз фарзанд дунёга келган. Қизнинг отаси Алишер Аминов Россияда ишлаб қолган. 2019 йил сентябр ойида иккинчи қиз фарзандли бўлган. 2019-2020 йиллар давомида Феруза Хўжаметова ижтимоий тармоқда тарқалган видеоларни тасвирга олган.

Она ўз болаларини калтаклаб, хўрлагани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетгач, қизларнинг отаси Хўжайли тумани ИИБ номига ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи X.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгиланиб, қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Вазир Аманбай Ўринбаевнинг таъкидлашича, хизмат текшируви якунларига кўра, ҳудудий профилактика инспекторига ижтизомий чора кўрилган. Майор Жакабаевга "танбеҳ", аёл-қизлар бўйича инспектор Турдимуратова қатъий огоҳлантирилган. Шунингдек, Хўжайли тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Сариев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бундан ташқари, яна бир ўринбосар Тўрев бошқа туманга "ратация" қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода она ўз фарзандларини аёвсиз дўппослаб, «Бир «ошибка»сан, холос» деб ҳақорат қилган эди. Кейинроқ эса она нега бундай қилганини сўзлаб берганди. Бундан олдин эса Нукусда ёш она янги туғилган чақалоғини кўчага ташлаб кетганди

Top