Иқтисодиёт | 08:31 / 10.06.2022
26182
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки деградацияга учраган ерлар ва ўрмонларни тиклаш учун Ўзбекистонга 142 млн доллар ажратади

7 июнь куни Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Фото: Kun.uz

Халқаро молия ташкилоти матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини яхшилаш ва ўрмонларни қайта тиклашга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё бошқа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича ривожлантиришга йўналтирилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиё ландшафтларини барқарорлик билан таъминлаш дастури бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарликни ошириш орқали ландшафтларнинг мустаҳкамлигини оширишдан иборат. 

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, муддати 30 йил, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли молиялаштиришни тақдим этади. 

Лойиҳа фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш мақсадли жамғармалар – Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик жамғармаси (3 миллион доллар) ва Барқарор ландшафтлар бўйича глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар) ҳисобидан ажратилади. 

Тасдиқланган лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистондаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади. 

Ҳукуматга инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга оширишда ёрдам кўрсатилади. Дастур устувор йўналишларидан бири – мамлакат экологик барқарорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришининг одамлар турмуш тарзи ва иқтисодиётига таъсирига жавоб беришга тайёрлигини оширишдан иборат. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид