Жамият | 15:12 / 11.06.2022
2948
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ўз танишини фоҳишалик учун Туркияга жўнатаётган аёл ушланди

Аёл қизларни аввал Тошкентда фоҳишалик қилишга жалб этган, сўнг Туркияга юбормоқчи бўлганида ушланган

Иллюстратив фото

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига Гулистон шаҳрида яшовчи Ж.М.нинг аёл-қизларни Тошкент шаҳрига фоҳишалик ишларига жалб этиб, сўнг уларни Туркияга фоҳишалик билан шуғулланишга юбораётгани юзасидан маълумот келиб тушган.

Вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур маълумот асосида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбирда Ж.М. ўзининг таниши Янгиер шаҳрида яшаб келаётган М.А.ни алдов йўли билан Тошкентда фоҳишалик ишларига жалб этиб, сўнг танишлари орқали Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланишга юбормоқчи бўлган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ж.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси, 2-қисми «э» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид