Жаҳон | 07:53 / 11.06.2022
6844
2 дақиқада ўқилади

Словакия Украина ҳарбий техникасини таъмирлайди ва модернизация қилади 

Россия армияси билан жангларда шикастланган Украина техникаси нафақат таъмирланади, балки Шарқий Словакиядаги давлат корхонасида модернизация қилинади.

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

Словакия шарқидаги Молдава-Бодвоу шаҳрида жойлашган Konstrukta Defence заводи яқинда Украина армиясининг Россия қўшинлари билан жангларда шикастланган ҳарбий техникаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш учун қабул қилишни бошлайди. Бу ҳақда 10 июнь, жума куни мамлакат мудофаа вазири Ярослав Надь ушбу давлат корхонасига ташрифи чоғида айтиб ўтди.

Завод директори Александр Гурскийнинг журналистларга айтишича, Konstrukta Defence асосан артиллерия қисмлари ва ракеталарни ишлаб чиқариш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Корхонанинг энг машҳур маҳсулоти - ўзиюрар гаубица Zuzana 2 (калибри - 155 миллиметр). Июнь ойи бошида Украина Словакия билан саккизта шундай гаубица етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани маълум бўлди. 

Уруш бошланганидан бери Словакия Украинага 154 миллион евролик қурол-яроғ жўнатган – мудофаа вазири Ярослав Наднинг бу ҳақдаги оралиқ ҳисоботи вазирлик томонидан 8 июнь куни ўз сайтида эълон қилинди. Хусусан, гап С-300 зенит-ракета комплекслари ҳақида бормоқда. Ҳозир эса Словакия Украинага МиГ-29 қирувчиларининг партиясини юборишга тайёрланмоқда. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид