Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Еврокомиссия раиси Киевга келди. У Украинанинг ЕИга аъзолик аризасини муҳокама қилади
Урсула фон дер Ляйен Украина расмийлари билан ЕИ аъзолигига номзод мақомини олиш, шунингдек, урушдан кейин мамлакатни тиклаш учун Европадан узоқ муддатли ёрдам бўйича музокаралар олиб бориш ниятида.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 11 июнь, шанба куни Украинанинг ЕИга кириши учун номзод мақомини олиши бўйича музокаралар ўтказиш ва президент Володимир Зеленский ҳамда бош вазир Денис Шмигал билан урушдан кейин мамлакатни қайта тиклаш учун ёрдам тақдим этиш шартларини муҳокама қилиш учун Киевга келди.
«Биз Украинани қайта тиклаш ва Европа йўлида олға силжиши учун зарур бўлган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни сарҳисоб қилиб оламиз, - деди фон дер Ляйен Украина пойтахтига етиб келгач. - Бу яқин келажакда тақдим этиладиган хулосамизда эътиборга олинади».
Еврокомиссия 17 июнь, жума куни Украинанинг Европа иттифоқига номзод мақомини олиши ёки олмаслиги бўйича ўз хулосасини эълон қилиши кутилмоқда. Ижобий қарор қабул қилишнинг шартига Киевнинг муайян соҳаларда, хусусан, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш йўналишида ислоҳотларни амалга ошириш мажбурияти айланади.
Учинчи давлатга ЕИ аъзолигига номзод мақомини бериш тўғрисидаги қарор Европа иттифоқига аъзо бўлган барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланиши керак. 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида бу масала муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Айни пайтда Европа иттифоқига аъзо давлатларда бу масала бўйича бирдамлик йўқ. 9 июнь куни Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб, Дания ва Нидерландия Украинага ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилишига қарши эканини маълум қилди. Хусусан, Копенҳаген Украина демократик бошқарув, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурматни кафолатловчи институтлар барқарорлиги билан боғлиқ барча мезонларга жавоб беришига ишонмаяпти, дея тушунтирди агентлик.
Шу билан бирга, номзод давлат мақомини олиш Европа иттифоқига аъзоликни бериш бўйича ижобий қарорни олдиндан белгиламайди ва ҳеч қандай аниқ муддат билан боғлиқ эмас. Жумладан, Туркия бу мақомни 1999 йилда олган. Украина Россия ҳарбий ҳаракатлари бошланишидан кўп ўтмай Европа иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берди.