Ўзбекистон | 20:21 / 13.06.2022
46790
9 дақиқада ўқилади

“Бўлди энди, тартиб ўрнатамиз” — Тошқулов ўқишни кўчириш бўйича эътирозларга жавоб берди

Ўқишни кўчириш тартибининг қатъийлаштирилаётгани талабалар ва абитуриентлар орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Олий таълим вазирининг айтишича, йилдан йилга “переводчи”ларнинг кўпайиб бораётгани олий таълим сифатига салбий таъсир қиляпти. Ўз навбатида, талабалар ҳар ким ўзи истаган жойда ўқиш ҳуқуқи борлигини айтмоқда.

Фото: KUN.UZ

Сўнгги кунларда талабалар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу – ўқишни кўчиришга алоқадор бўлиб турибди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов республикадаги бир ОТМдан бошқасига ўқишни кўчиришда (“ички перевод”) коррупция сақланиб қолаётгани, шунинг учун ҳам бу йўналишни тартибга солиш вақти етганини айтди.

Эндиликда фақат 2 та ҳолатда талабага ўқишни кўчиришга рухсат берадиган янги тартиб жорий қилинади:

  • турмуш қурса;
  • давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтса.

Ўқишни кўчириш учун вазирнинг хати талаб қилинади.

Норозилик нимадан?

Ўқишни кўчиришга рухсат бериладиган тоифаларнинг қисқариши бўйича Kun.uz'га кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчилар янги тартиб ҳақида олдинроқ маълумот берилмагани, ҳеч бўлмаса яшаш ҳудудига ўқишни кўчиришга рухсат берилмаётганидан норози бўлишмоқда.

Баъзилар фикрига кўра, мутахассислик фанлари тўғри келган йўналишларга ўқишни кўчиришга рухсат берилиши керак, талабаларнинг хоҳлаган жойларида ўқишга ҳаққи бор. Янги тартиб бу йил фақат огоҳлантириш сифатида бўлиб, кейинги йилдан кучга киришини сўраётганлар ҳам бор.

Кўплаб талабалар яшаш ҳудудига ёки ўз мутахассислиги бўйича (турдош) бошқа ОТМга ўқиши кўчирилишига рухсат берилишини хоҳлайди. Тартиб кейинги йилдан амалга киритилиб, кейинги йил талаба бўладиган талабалар тайёр ҳолда ўқишга топширишсин, деб ҳисобловчилар ҳам кўп. Яна сезиладики, ўқишни кўчириш истагида ёзаётганларнинг аксари ўқишга ҳужжат топширганда кейинги йил ўзи хоҳлаган ОТМга ўқишини кўчиришига ишонган, бироқ “перевод”га рухсат бериладиган тоифалар қисқариши уларнинг бу режалари амалга ошмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Нега ўзгариш қилиняпти?

Мавзу муҳокамаларга сабаб бўлгач, вазир Абдуқодир Тошқулов Хушнудбек Худойбердиевнинг Telegram-каналида талабалар билан ташкиллаштирилган аудиочатда қатнашди ва янги тартиб бўйича изоҳ берди.

Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, олий таълим тизимида халқнинг ишончини қозониш қийин кечяпти. Қилинаётган ҳар бир ўзгариш муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

“Нега олдинроқ айтилмади?”

— Ҳозир кўп мурожаатлар "Нега олдинроқ айтилмади?" деган мазмунда. Масалан, ўтган йили хорижий ОТМлардан ўқишни кўчириш бир қадар тартибга олинди. Бу – сигнал эди. Биз бир йил давомида тушунтириш олиб бордик. Бугун ОТМдан топ мингталикка киришни талаб қилган ҳолда унга яна ўқишини кўчириш истагида бўлган 2 минг талабани ўқитиш мажбуриятини қўйяпмиз.

Масалан, ўтган йили Урганч давлат университетига 2,8 минг талаба ўқишини кўчириш истагида ариза билан мурожаат қилган. Бу ОТМ ўша йилги қабулда қарийб 6 минг талаба қабул қилган, қўшимча 2,8 минг талабани қандай ўқитади?

Ҳар 10-15 талабага бир ўқитувчи керак. Бундай бўлаверса, сифат қаердан бўлади? Ўқитувчи, аудитория қаердан топилади? Топ мингталикка қандай киради?

Энг афсус қиладиган томони: бир йил давомида вазирликка келадиган мурожаатларнинг 80 фоизи "перевод" бўйича. Оддий мисол: Миллий университетга ўқишини кўчириб келяпти, ОТМ эса уни ўқитишга имкони йўқлиги сабаб сиртқи таълим шаклига қабул қиляпти. Талаба эса сиртқида ўқишни хоҳламаётгани сабаб бизга мурожаат қиляпти. Лекин ОТМда уни ўқитиш учун бино, профессор-ўқитувчилар етишмайди.

Ёки Жиззах давлат педагогика институтидан 1,4 минг талаба ўқишини кўчириб, бошқа ОТМга кетиб қоляпти. Яъни бу – қанча ўқитувчи талаба камайгани сабаб қисқартирилиши керак дегани.

Вазир хати нега керак?

— Агар бирор талабанинг ота-онаси вилоятдан Тошкентга қайсидир вазирлик тизимига ишга келса, ўша вазир: “Бу мутахассис бизга ишга келди, фарзанди вояга етмаган, ўқишини кўчириб беринг” деган мазмунда хат юборади. Агар фарзанди вояга етган бўлса, унинг ўқишини кўчирмаслик ҳам мумкин.

Имтиёзни, имкониятни суиистеъмол қилиш керак эмас. 5 та ОТМ ва йўналишни танлаш мумкин дегани ҳаммасини танлаш керак, дегани эмас. 2-3 тасини танласа ҳам бўлади. "Перевод"га умид қилиб, олис ҳудудни танлаб, кейин ўқишга имконим йўқ, дейиш қанчалик тўғри?

Ўқишни кўчириш тартибга солинаётгани тизимни шаффофлаштириш учун қилиняпти. Энди давлат молиявий ва академик мустақиллик берилган ОТМларга “мана шунча талабани қўшимча ўқитиб берасан”, деган мажбуриятни қўя олмайди.

Академик мобиллик

— Агар ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб қабул қилинса, унинг билан бирга 2 та ОТМ келишиб, талабаларни алмашиб ўқитишни йўлга қўядиган академик мобиллик дастурларидан фойдаланиш мумкин.

Академик мобиллик бўйича низом ҳам ишлаб чиқилган, у ҳам қабул қилинади. Фақат масала шундаки, 2 та ОТМ келишиб, бир-бирини тан олиб маълум сонли талабани алмашиб ўқитишга рози бўлиши керак, дейди Абдуқодир Тошқулов.

“Тартиб керак”

Вазир 30-40 минг ўқишни кўчириш истагида бўлганлар манфаати сабаб 35 млн аҳолининг таълим борасидаги келажагини хавфга қўя олмаслигини, ҳамма нарсада тартиб бўлиши лозимлигини билдирди.

“Бўлди энди, ҳамма нарсада тартиб бўлсин”, деди у.

“Илм мусофирчиликда олинади”

Тошқуловга кўра, ўқишни кўчириш учун аризалар сони 2020 йилда 20 мингдан ошиқ, 2021 йилда 56 мингдан кўпроқни ташкил қилган. Бу йил эса уларнинг сони 100 мингдан ошиши прогноз қилиняпти. Агар шундай бўлса, тизимнинг "перевод"дан бошқа иши ҳам қолмайди.

“Бутун тарихда ҳам илмни мусофирчиликда олишган. Ҳудудлар узоқлигини бунчалик катта муаммо қилишларига ҳайронман. Ётоқхоналар, аввало, бошқа вилоятлардан келиб ўқиётганларга берилади.

Бундан ташқари, ОТМларга мустақиллик берилгани сабаб фанлар ўртасида тафовут ҳам кўпайиб кетяпти. 4 та фандан ошиқ фан фарқ қилса, бир курс пастдан бошлаб ўқишни давом эттириш лозим. Мана шу ўринда ҳам коррупция бўляпти.

Қиз болаларнинг шароитини тушунамиз, агар хоҳлашса, уларнинг ўқишини сўзсиз сиртқига ўтказиб беришимиз мумкин”, таъкидлади тизим раҳбари.

Кейинги йилдан хориждан ўқишни кўчириш ҳам ўзгаради

Ҳозирда хорижий давлатлар ва хусусий ОТМлардан ўқишини кўчириб келмоқчи бўлганлар ДТМ тестини ишлаб ўқишини кўчириши мумкин. Ўтиш баллари белгиланган.

Лекин, вазирнинг айтишича, келаси йилдан бошлаб хориждан ўқишни кўчирувчилар ҳам ОТМнинг бир йил олдинги ўтиш баллини тўплаши керак бўлади.

Агар тартиб ўзгарса

Ўқишни кўчириш бўйича шу пайтгача эълон қилинган ва изоҳланган янгиликлардан қисқача тушуниш мумкинки:

  • Ўқишни кўчиришга фақат 2 та тоифага рухсат берилиши тўғрисидаги тартиб жорий йилдан амалга киритилади;
  • Шароити йўқ, уйидан олис ҳудуддалиги сабаб моддий тарафлама қийналган талабаларга:
  • ўқишини сиртқи (агар жорий этилса, масофавийга ҳам) таълим шаклига ўтказиш;
  • академик мобиллик дастури асосида ОТМларнинг ҳамкорлиги бўлганда 1 йилгача ўзига қулай ОТМда ўқиши танлови берилади;
  • Кейинги йилдан хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишини кўчирмоқчи бўлганларга ҳам талаб қаттиқлашади: улар ўзлари топширмоқчи бўлган ОТМнинг ўтган йилги ўтиш баллини тўплаши мажбурий қилиб қўйилади.

Ҳозирча олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан эълон қилинган ва жорий қилиниши кутилаётган янгилик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйсунувида бўлмаган ОТМлар (масалан, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент тиббиёт институти)га тегишли экани ёки йўқлиги аниқ айтилмади. Лекин катта эҳтимол билан бу тартиб барча давлат ОТМлари учун амал қилишини кутиш мумкин.

Қолаверса, ўтган йили талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилишига рухсат берилганди. Агар тартиб қатъийлашса, унда супер-контракт асосида ўқишни кўчириш амалиёти ҳам бу йил бўлмаслиги мумкин.

Мавзуга оид